Новосибирскнинг Толмачёво аэропортида чартер рейсини кутиб қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларни хостелларга жойлаштирдилар. Ўзбекистон республикасининг Новосибирскдаги Бош консулхонасининг маълумотига кўра, айни пайтда 87 киши вақтинчалик бошпана билан таъминланган.
Дипломатик миссиянинг ходимлари билдиришича, юртдошлар ҳеч қандай ёрдамсиз қолганлари ҳақидаги олдинроқ жойлаштирилган ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Шу билан бирга, Новосибирскнинг Tayga.info нашрининг маълумотига кўра, шаҳарда 844 нафар Ўзбекистон фуқаролари ватанига кета олмай сарсон бўлиб қолган. Аниқлик киритилишича, Ўзбекистон консулхонаси маҳаллий мутасаддилар билан юртдошларини бошпана билан таъминлаш тўғрисида келишиб олишган. Бироқ, ўзбекистонликлар айнан қаерда самолётни кутиб ўтиришлари масаласига аниқлик киритилгани йўқ. “Фарғона” агентлигининг қўшимча ахборот олиш мақсадида консулхона билан боғланишга уринишлари самара бермади.
Бундан бир кун олдин эса Толмачёво аэропортининг раҳбарияти Россиянинг ички рейсларига авиачипта сотиб олмаган чет эл фуқароларидан аэропорт ҳудудини тарк этишни сўраган. Ўша фурсатда кутиш залида асосан ўзбекистонлик ва қирғизистонлик йўловчилар ўтиришган эди. Қирғизистон бош консулхонаси юртдошларини хостелларга жойлаштириб, етти кун яшашлари учун пулини тўлаган.
Воқеа гувоҳларидан бири, Қирғизистон фуқароси бўлган аёл 2 апрель куни Марказий Осиёдан келган мигрантларни аэропорт ҳудудидан кўчага ҳайдаб чиқарганларини айтиб берди. “Биз консулимизни кутиб ўтирганимизда ўзбекларни – улар 200 киши атрофида эдилар, сафга тизиб, аэропортдан чиқариб юбордилар. Аэропортдан кетаётганимизда бояқиш ўзбеклар бино атрофида турганига кўзимиз тушди. Тасаввур қилинг, уларнинг бирор сўм ҳам пуллари йўқ! Пули ҳам йўқ, бошпанаси ҳам йўқ, уларни ҳеч ким ҳеч қаерга жойлаштириб қўймади”, — дейди қирғизистонлик аёл Tayga.info келтирган иқтибосда.
Толмачёвода қолиб кетган ўзбекистонликларнинг биринчи гуруҳи ҳақида 18 март куни хабар берилганди. Москвадан Новосибирск орқали учаётган 150 дан зиёд йўловчиларни рейс бекор қилингани муносабати билан Ўзбекистон пойтахтига учадиган самолётга ўтқизишдан бош тортдилар. Бир неча кун ўтиб улар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг чартер рейси ёрдамида ватанига етиб бордилар.
Ўзбекистон коронавирус COVID-19 инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин даврида хориждаги фуқароларни чартер авиарейслари ёрдамида олиб чиқиб кетишни бошлаганди. Бироқ, 30 мартдан 20 апрелга қадар республикадаги барча аэропортлар ўз фаолиятини тўхтатиб қўйдилар. Шунинг учун ҳам Миллий авикомпаниясининг кейинги чартер рейсларни қачон ташкил қилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.