Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сайёҳлик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларни 2020 йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этди. Бу ҳақда давлат раҳбари коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича видеоселектор мажлиси давомида билдирди.
Туризм соҳасидаги тадбиркорлар ер-мулк солиқларидан озод этилади, ЯТТларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади, 2 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.
Шунингдек, президент қарори билан карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган жисмоний шахсларга даромад солиғи ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади.
Бундан ташқари, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм ($41 миллондан ошиқроқ) йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади. Шу билан бирга, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик ($1,2 млрд) кредит мажбурияти муддати узайтирилади.
Президентга кўра, март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади.
Ўзбекистон 2019 йил якунлари бўйича дунёда туристик оқими энг тез ўсувчи 20 та мамлакатлар рўйхатига кирган эди. Туризмни ривожлантириш бўйича Республика давлат қўмитаси январь ойининг бошланишида маълум қилганидек, 2019 йилда мамлакатни 6.7 миллион чет эллик фуқаролар зиёрат қилдилар, бу эса ўтган йилги кўрсаткичларига нисбатан 26 фоизга кўпроқ. Бироқ саёҳатчиларнинг 15,5 фоизигина мамлакатга сафар қилишдан мақсад – туризм, деб кўрсатгандилар.