50 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар шахсий автомобилда юришга рухсат берувчи стикер ололмадилар. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар ҳамкорлигида тузилган Koronavirus info Telegram – каналида хабар берилган.
Махсус рухсатнома олиш учун электрон сўровнома тўлдирилишида мурожаатчининг фаолият турини белгиланган тартибга номувофиқлигини автоматик тарзда аниқлайдиган ва бундай ҳолатларда рухсатнома берилишини рад этадиган функция ишга туширилган.
«Айнан ушбу функция ёрдамида 2 соат ичида 50 мингга яқин электрон сўровномаларга тизим томонидан рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномалар шакллантирилди», — дейилади хабарда. Аризани рад этилгани ёки кўриб чиқилаётганлиги ҳақидаги маълумотни Давлат хизматлари марказида эмас, балки фақат my.gov.uz порталидан билиш мумкин.
Марказ 29 мартдан бери 129 мингта ариза келиб тушганини маълум қилади. Улардан 69 мингта ариза кўриб чиқилган, 16,5 мингтаси қондирилган, 53,5 минги инкор этилган. Тошкентда стикер учун аризаларни кўриб чиқиш учун 168, Нукусда 425 нафар ходим жалб этилган.
«Бу масалада бошидан ана шундай оқибатларга олиб келишини билганмиз. Коррупцияга қарши бўлимимиз бу билан шуғулланяпти.Бундан ташқари, Адлия вазирлигининг марказий аппаратида ҳар бир электрон аризанинг кўриб чиқилишини мониторинг қиладиган гуруҳ ишлаяпти. Жуда кўп ҳолатда агар асоссиз, етарли ҳужжатларсиз берилган бўлса, биз бекор қиляпмиз», – дейди Адлия вазири Русланбек Давлетов.
Адлия вазири ижтимоий тармоқларда махсус рухсатномани қалбакилаштириш бўйича турли эълонлар берилаётгани ҳолатларига ҳам изоҳ берган.
«Етказиб бериш хизмати корхоналарига қўшимча пул берсангиз, корхонага ишга олиб, машинангиз худди ўша корхонада етказиб беришни амалга оширадигандек қилиб, ҳужжатларни қалбакилаштириб берилаётган ҳолатлар бор. Бунга қарши жуда самарали тизимни йўлга қўйдик. [Махсус рухсатнома учун ариза берган фуқаро] корхонада янги ишга олинган бўлса, ҳужжатлари ўтмайди.
Меҳнат дафтарчасидан нусха сўраяпмиз. Бирдан янги ходим олиб, бизга маълумотнома берилишига ҳеч ким ишонмайди, албатта.
Биз ишонаётган энг асосий тизим – солиқ базаси билан боғлаб қўйдик. Агар ўша ходим ишлаган бўлса, у ходим бўйича тўланган солиқлар қани? Солиқлар ва Пенсия жамғармасига ўтказиб қўйилган ажратмалар бўйича тизимни улаб қўйдик. Ҳеч қанақасига ҳеч кимни алдай олмайди», – дейди Русланбек Давлетов.
Давлат хизматлари марказининг раҳбари Халилилло Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, стикер берила бошлаганидан сўнг икки кун ўтиб қимматбаҳо машиналар эгаларидан ҳам ариза келиб тушган. Улар аризаларида курьерлик қилаётганини тасдиқлаш учун Иш берувчи хатини ҳам илова қилганлар. Тўрахўжаев бу кабиларни кескин танқид қилганидан сўнг 9 мингта одам ўз аризасини қайтариб олган.