Андижон вилояти Перинатал марказининг реанимация бўлими бошлиғи коронавирусда гумонланган 29 яшар ўғлини иш жойида даволашга уринган. Бу ҳақда «Озодлик» радиоси хабар беради.
Туғруқхонадаги шифокорлардан бирининг айтишича, 27 март куни бўлим бошлиғи иситмалаган ўғлини ишхона олиб келади ва ҳамшираларга ўғлига укол қилиб, капельница қўйишни буюради. Бўлим бошлиғининг хотини коронавирус юқтирганликда гумонланиб уй карантинида бўлган.
Бу воқеа тиббиёт персонали орасида ваҳимага сабаб бўлгач, Андижон шаҳар СЭСи келиб, бутун бўлимни дезинфекция қилган, врач ва ҳамширалар эса бир кун ушлаб турилган.
Кейинги кун тиббиёт ходимлари текширилиб, қўйиб юборилади. «Ҳозирда бу воқеани сир тутишга ҳаракат қилишяпти», — дейди туғруқхона ҳамшираларидан бири.
Андижон вилояти Перинатал маркази бош врачи Гулмира Қаюмова шундай воқеа бўлганини тасдиқлаб, бу воқеадан сўнг марказнинг тўлиқ дезинфекция қилинганини айтади.
«Бўлим мудири карантинга олинган. Реанимация бўлими дезинфекция қилиниб, бир сутка ёпиб қўйилди. Бир сутка давомида бўлимда ҳеч қандай амалиёт ўтказилмади. Ўшандан кейин бўлим мудирини кўрганим йўқ. У уйида карантинда ўтирибди. Телефонда гаплашганимда ҳақиқатан ҳам ўғлини марказга олиб келганини тан олди, лекин унга ҳеч қандай инъекция қилинмаганини айтди. Бўлим мудири ўғлини марказга олиб келиб, нотўғри иш қилган. Бу масала ҳали ўрганилмоқда» — дейди Қаюмова.
Андижондаги Перинатал маркази 200 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда у ерда юздан ортиқ ҳомиладор аёллар даволанмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 190 нафар одамни ташкил этади.