Ўзбекистонда март ойида ҳимоя ниқобларини ишлаб чиқарувчиларнинг сони ўн бараварга кўпайди

Тошкент вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда март ойида ҳимоя ниқобларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сони 9,3 бараварга ошиб — 195 тани ташкил этди. Бу ҳақда «Ўзбектўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати хабар беради. Ниқоблар ишлаб чиқаришнинг кунлик ҳажми 2 млн 640 минг донани ташкил этган.

Режада бир кунда 5 миллион дона ниқоб ишлаб чиқариш вазифаси белгиланган.

Ҳимоя ниқоблари республиканинг деярли барча вилоятларида ишлаб чиқарилиб, энг кўп ниқоб Тошкент вилоятида (404 минг дона), Тошкент шаҳрида (283 минг дона), Қашқадарё вилояти (232 минг дона) ишлаб чиқарилмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, юқорида кўрсатилган корхоналар сони ва ҳажмлар Уюшма томонидан мониторинг ўрнатилган корхоналарга тааллуқли бўлиб, реал ишлаб чиқариш ҳажмлари бу кўрсатгичлардан фарқланиши мумкин.

Дунёда коронавирус эпидемияси бошламагунга қадар Ўзбекистонда бир кунда 500 минг дона ҳимоя ниқоблари ишлаб чиқарилган. Кейинчалик бу маҳсулотга талаб ортиб, дорихоналарда тақчиллик сезила бошланди. Шунда «Ўзбектўқимачиликсаноат» уюшмаси корхоналар бир кунда икки миллион донагача ниқоблар ишлаб чиқариши мумкинлиги маълум қилди.

Ҳукумат ҳимоя ниқобларини тиббиёт маҳсулотлари рўйхатидан чиқарди, яъни уларни ишлаб чиқариш учун энди лицензия талаб этилмайди. 22 мартдан бошлаб Ўзбекистонда одамларнинг жамоат жойларида ҳимоя ниқобларини тақиб юриши мажбурий этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг фикрича, ниқобларни аввало касаллик юқтирган одамлар тақмоғи зарур, соғлом инсонлар касалларга ёрдам бераётган пайт тақиши мақсадга мувофиқдир.

Бироқ, айрим одамларда касаллик симптомларсиз яширин ҳолатда кечиши ва улар коронавирусни ташиб юрувчилар гуруҳига мансуб бўлиши туфайли барчанинг ҳимоя ниқобида юриши маъқул топилди.

Ўзбекистонда COVID-19 эпидемияси туфайли карантин 16 март куни эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2 апрелда республикада 187 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ