Ўзбекистонда ўзини бошқалардан четлатиш режими жорий этилди

Тошкент вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг барча вилоят марказларида ўзини бошқалардан четлатиш режими жорий этилди. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади, уларга зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.

Бу ҳақда Республика махсус комиссияси қарор қабул қилган, деб хабар беради Адлия вазирлигининг Telegram-каналида.

Бундан ташқари, комиссияси қарорига кўра 1 апрелдан жорий этилаётган янги карантин чоралари доирасида якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилади. Бутун дунё бўйича ушбу инфекцияни юқтириб вафот этаётганлар орасида асосан ёши улуғ инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатни инобатга олиб, санитария-гигиена қоидалари ва карантин талабларини четлаб ўтиб, якка тартибда хайрия тадбирларини амалга ошириш аҳоли, айниқса нуронийлар ҳаётини жиддий хавф остига қўяди.

«Мазкур жараёнда якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатиш мақсадга мувофиқдир», дейилади комиссия ахборотида. Эндиликда хайрия ёрдамлари мувофиқлаштирилади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди. Республика махсус комиссияси ахборотида қайд этилишича, эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказилишида кўмаклашиш учун бундай тадбирлар марказлашган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинишнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган ва шундан сўнг мамлакатда карантин эълон қилинган. Барча таълим муассасалари, кинотеатрлар, болалар ўйнайдиган хоналар, буюм бозорлари ёпиб қўйилди, масжидларда жамоат намозларини ўқиш тўхтатиб қўйилди. 27 мартдан бошлаб юк ташувчи машиналардан ташқари барча турдаги транспортларнинг қатнови тўхтатиб қўйилди. 30 мартдан бошлаб 20 апрелга қадар Ўзбекистон бўйича барча автомобиль транспортларнинг махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши тўхтатиб қўйилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1 апрель маълумотларига кўра, мамлакатда инфекцияга чалинган 173 та одам аниқланган, 12 нафар одам коронавирусдан тузалган, икки киши вафот этган.

Давлат санитария-эпидемиологик назорати инспекцисининг раҳбари Нурмат Атабеков мамлакатда коронавирусдан касалланган охирги одам тиббий муассасага жойлаштирилганидан кейингина карантинни бекор қилиш масаласи кўрилишини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ