Ўзбекистонликларга кредит бўйича тўловлар муддатини узайтириш тартиби енгиллаштирилди

Bn24.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Марказий банки кредит тўловлари муддатларини узайтириш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш бўйича кредит ташкилотларига кўрсатмалар берди. Бу ҳақда МБ Telegram-канали маълум қилади.

Ўтган ҳафтада Марказий банк тижорат банкларига жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан, 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш ҳамда муддати ўтган қарздорликларни кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмасликни тавсия этган эди.

Кредит тўловлари муддатларини узайтириш учун кредит тўловларини узайтириш юзасидан асослантирилган изоҳ берилган мурожаатнома тақдим этиши ҳамда кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш юзасидан қарздорнинг мажбуриятини қайд этиши лозим.

Ижтимоий тармоқларда кредит тўловларини узайтириш жараёни кредитни ўзини олишдан ҳам мураккаблашиб кетибди, деган шикоятлар кўпайиб кетганидан сўнг Марказий банк шуначанги кўрсатма беришга мажбур бўлди, соддалаштирилган тартиб жорий қилингунига қадар имтиёзни олиш учун 11 та ҳужжат топшириш лозим эди, дея ёзади Spot

Карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда, кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилинади ва дастлабки шартнома шартлари кучга киради.

Бугунги кунда тижорат банклари томонидан мурожаатларни масофавий қабул қилиш тизимларини яратиш устида иш олиб бормоқда. Марказий банк кредит тўловларини узайтиришга аризаларни фақат молиявий аҳвол жиддий ёмонлашган тақдирда беришни тавсия қилмоқда.

Ўзбекистонда карантин даврида коммунал тўловларни кечиктирганлик учун жарима ва пеня ундирилиши бекор қилинган, телефон ва интернет учун тўловларни икки ойгача кечиктиришга рухсат берилган, шахсий автомобилларини техник кўрикдан ўтказишни кечиктирган ҳайдовчилардан вақтинчалик жарима ундириш тўхтатиб қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ