Ўзбекистонликлар COVID-19 билан боғлиқ интернет-фирибгарларидан огоҳлантирилади

Kfor.com сайти фотосурати

Ижтимоий тармоқларда COVID-19 коронавирусини аниқлайдиган тест-тизим ва шахсий тиббий ҳимоя воситалари сотилиши тўғрисида эълонлар пайдо бўлган. “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси фуқароларни бундай эълонларга хушёр қарашга чақиради. Фирибгарлар ушбу эълонлар ёрдамида одамларни алдаб, уларга махсус сайтдаги анкетани тўлдиртириб, шахсий ахборотларига эга бўладилар. Чунки, улар олдиндан электрон тарзда тўлов амалга оширилишини сўрайдилар, оқибатда банк пластик картаси ҳақидаги маълумотлар учинчи шахсларга маълум бўлади.

«Ўзкомназорат” юқоридагиларни инобатга олган ҳолда фуқаролардан қонда коронавирус инфекцияси бор ёки йўқлигини билиш учун давлат тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишни, шу билан бирга заруриятга кўра керакли тиббий буюмларни дорихоналар ҳамда шаҳардаги савдо дўконларидан харид қилишни тавсия этади», – дейилади давлат инспекцияси матбуот хизматининг хабарида.

«Ўзкомназорат» бундан аввал ҳам одамларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти номидан хатлар тарқатаётган фирибгарлардан огоҳлантирганди. Максад – юқорида келтирилгани каби — одамларнинг шахсий маълумотларига эга бўлишлик. Шунингдек, фирибгарлар сохта веб-ресурслар яратиб, улар орқали коронавирусга қарши, шунингдек оғир касал ётган инсонлар учун ҳайрия пулини йиғишга уринганлар.

Ўз навбатида Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ҳам ўзбекистонликларни Москва-Тошкент чартер рейсларига чипта сотаётган фирибгарлардан огоҳлантиради. «Уддабуронлар» рейс рўйхатига ёзилиб, чипта учун пулларни пластик картага ўтказишни таклиф этишган.

Дипломатлар юртдошларга 30 мартдан 20 апрелга қадар барча ўзбек аэропортлари беркитилганини эслатади ва банк орқали пул тўлаш эвазига авиачипта олмасликка чақиради.

Бироқ, Insider.uz Telegram каналининг маълумотларига кўра, 29 март куни 12 нафар ўзбекистонлик фирибгарларнинг «қопқони»га тушган. Сохта чипта сотувчилари содда одамлар ҳисобидан ҳамёнини 100 минг рублга ($1300) тўлдирган.

Ўзбекистонда карантин эълон қилинганидан кейин бошқа турдаги фирибгарлик ҳам пайдо бўлган. Ички ишлар вазирлиги одамларни дезинфектор ниқобидаги жиноятчиларни уйга киритмасликка чақиради. Хабарда ҳимоя кийимини кийиб олган номаълум кимсалар эшик қўнғироғини чалиб, ичкарига киритишларини сўраганлар. Бироқ, воқеанинг «қайғули давоми» га оид тафсилотлар келтирилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ