«Корзинка.Uz» супермаркетларга чекловлар киритди

Korzinka.uz ҳаридорлари. Facebook.com/zkhashimov саҳифасидан олинган фотосурат

Korzinka.uz супермаркетлари тармоғи COVID-19 эпидемияси давомида бошланган ҳамда Ўзбекистонда хусусий автомобилларнинг ҳаракати тақиқланиши олдидан кучайган озиқ-овқатларни сотиб олишда тўполон бўлиб кетишнинг олдини олиш учун ҳаридорларнинг супермаркетларга киришини чеклаб қўйди. Бу ҳақда компаниянинг раҳбари Зафар Ҳошимов Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида маълум қилди.

Ҳошимовга кўра, тармоқнинг деярли барча супермаркетларида ҳаридорларнинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани кузатилмоқда. “Эртадан бошлаб хусусий автомашиналарда ҳаракат қилиш қийинлашишини тушунаман. Эртадан бошлаб бозорлар ва супермаркетлар ҳам ишламай қўйиши тўғрисида миш-мишлар тарқалганини ҳам эшитдим. Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон, дезинформация”, — дея ёзади тадбиркор.

Зафар Ҳошимовга кўра, компания ҳаридорлар ва дўконлар ходимларининг хавфсизлиги учун масъул бўлгани учун зудлик билан “савдо залларида ҳамда кассалар ҳудудида оралиқ масофага риоя қилиш” мақсадида дўконларда ҳаридорларнинг меъёрдан кўпроқ тўпланиш даражасини пасайтириш учун керакли чоралар кўрилди.

Ичкаридаги ҳаридорлар орасидаги хавфсиз масофага риоя қилиш имкониятини пайдо бўлгандагина, ташқаридан одамлар дўконга киритиладиган бўлди. “Маркет ичкарисида одамлар бироз тарқалишлари билан ичкаридаги мижозларнинг камайишига қараб одамларни киритамиз”, — дея ваъда қилди “Корзинка” раҳбари.

“Биз кўраётган чораларни тўғри тушунишингизни сўрайман. Бу чора биз учун ноҳуш, ёқимсиз ва манфаатимизга зид бўлгани билан, айни пайтда сизнинг хавфсизлигингиз ва саломатлигингиз биз учун муҳимроқ”, — дея ёзади Зафар Ҳошимов.

Ўзбекистонда махсус республика комиссияси 30 мартдан бошлаб шахсий автомашиналарда ҳаракатланишни чеклаб қўйганидан кейин озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қиладиган тижоратчилар нархларни кўтара бошладилар ҳамда автомобиллар ҳаракати чекланиши муносабати билан карантин кунлари қишлоқ хўжалик маҳсулотлари энди олиб кирилмас экан, деган миш-мишларни тарқата бошладилар. Бироқ Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бу хабарга раддия бериб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини шаҳар бозорларига ва дўконларига олиб кираётган юк машиналарининг ҳаракатларига чекловлар киритилмаганини таъкидлаб ўтди.

Республикада карантин даврида ваҳима тарқатиш учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи модда бор. Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросималар келтириб чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаш 44 миллион 600 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача ($4,6 мингдан $9,3 минггача) жаримага тортиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Республикада COVID-19 инфекцияси билан касалланганлар сони 144 кишига етди. Икки киши вафот этди. Дунё бўйича 716 минг киши бу дардга чалинган ва деярли 33 900 киши вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ