Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида коронавирусга қарши кураш олиб бориш учун қурилган янги карантин зонасига 650 киши жойлаштирилди. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Ўзбекистон Қурилиши вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Гап чартер рейслари билан хорижий мамлакатлардан келган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида кетмоқда (аниқлик киритилишича, бу рейслар Москва ва Дубайдан келган).
Карантин зонасида бир неча кишига мўлжалланган унчалик катта бўлмаган контейнер уйлар монтаж қилинмоқда. Улар конденционер, санузел ва телевизорлар билан жиҳозланиши кўзда тутилган.
55 гектар майдонга карантин зонаси қурилишида 110 нафар қурувчи жалб қилинган ҳамда 100 дан ортиқ оғир техника воситалари қўлланмоқда, дея хабар беради Kun.uz.
Кейинроқ бу ерда 21 минг киши жойлаштирилиши мумкин бўлади.
Ўзбекистонда 144 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган. Инфекция юқтириб олган беморларнинг иккитаси вафот этган. Биринчи бемор сурункали касаллиги бор эди, у инфарктдан вафот этди. Вафот этган иккинчи бемор 39 ёшли эркак шифокор бўлиб, у Франциядан қайтган биринчи бемор билан мулоқотда бўлган. У ўз касаллигини дастлаб билган бўлса-да, уйида яширинча даволанишга уринган. Касалликнинг оғир даври бошлангандан сўнг 26 март куни Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига тез ёрдам хизмати орқали ётқизилган. 27 март куни эса Вирусология илмий текшириш институтига ўтказилган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинишнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган. Мамлакатда карантин эълон қилинган. Барча таълим муассасалари, кинотеатрлар, болалар ўйнайдиган хоналар, буюм бозорлари ёпиб қўйилди, масжидларда жамоат намозларини ўқиш тўхтатиб қўйилди. 27 мартдан бошлаб юк ташувчи машиналардан ташқари барча турдаги транспортларнинг қатнови тўхтатиб қўйилди. 30 мартдан бошлаб 20 апрелга қадар Ўзбекистон бўйича барча автомобиль транспортларнинг махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши тўхтатиб қўйилди.
Бундан ташқари, бошқа чекловлар ҳам киритилди.
Аҳолига фақат ўта зарур ҳолатлардагина уйдан кўчага чиқиш тавсия қилиниб, жамоат жойларида учтадан ортиқ одамнинг тўпланиб туриши тақиқланди. Кўчада медицина ниқобларини тақиш мажбурий қилиб қўйилди, қоидани бузганлар жаримага тортила бошланди.