Ўзбекистон миллий гвардиясини кўчаларни дезинфекция қилишга жалб қилдилар

Ўзбекистон Миллий гвардияси фотосурати

Ўзбекистон Миллий гвардияси ва ИИВ бўлинмалари 28 март куни махсус техника ёрдамида кўчаларни дезинфекция қилишга бошлади. Бу ҳақда Kun.uz Миллий гвардия матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

Дезинфекция ишлари Тошкент кўчаларида, пойтахтга кирувчи ва чиқувчи йўлларда, жамоат жойларида ҳамда давлат муассасаларига ёндашган ҳудудларда ўтказилмоқда.

Олдинроқ Миллий гвардия, шу жумладан, Ўзбекистонда аҳоли томонидан карантинга риоя қилиниши устидан назорат олиб бораётгани ҳақида хабар қилинганди. Ушбу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакили Илҳом Турғуновга кўра, “карантин тадбирларини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия фуқаролар истиқомат қилаётган жойларда беш мингдан зиёд турар жой ва хонадонларни назорат остига олган”.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш олиб бориш учун қатъий профилактик тадбирлар жорий этилди. Аҳолига фақат ўта зарур ҳолатлардагина уйдан кўчага чиқиш тавсия қилиниб, жамоат жойларида учтадан ортиқ одамнинг тўпланиб туриши тақиқланди. Кўчада медицина ниқобларини тақиш мажбурий қилиб қўйилди, қоидани бузганлар жаримага тортила бошланди.

Миллий гвардия маълумотига кўра, республикада 28 март кунига келиб 7157 марта карантин қоидаларининг бузилиш ҳолати қайд этилган. Барча қоидабузарлар ички ишлар органлари идораларига келтирилган. 6885 та ҳолатда тиббий ниқоб тақмаганлик учун фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилган, 185 та ҳолатда санитария ва эпидемиология қоидаларига риоя этмасдан савдо фаолияти давом эттирилган, 106 та ҳолатда карантин ҳудуди ташлаб кетилган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинишнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган. Мамлакатда карантин эълон қилинган. Барча таълим муассасалари, кинотеатрлар, болалар ўйнайдиган хоналар, буюм бозорлари ёпиб қўйилди, масжидларда жамоат намозларини ўқиш тўхтатиб қўйилди. 27 мартдан бошлаб юк ташувчи машиналардан ташқари барча турдаги транспортларнинг қатнови тўхтатиб қўйилди. 30 мартдан бошлаб 20 апрелга қадар Ўзбекистон бўйича барча автомобиль транспортларнинг махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши тўхтатиб қўйилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ