Жамоат жойларида одамларнинг уч кишидан ортиқ тўпланиши тақиқланади

ошкентнинг бўшаб қолган пиёдалар кўчаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Кўча ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.

Одамлар орасидаги масофа икки метрдан кам бўлмаслиги керак. Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорида мана шундай чоралар кўрилган, деб хабар беради Koronavirus Info.

Фуқароларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари), уйидан ташқарига чиқиши чекланади. Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) – шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Бордию фуқаролар уйидан ташқарига шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)сиз чиқса, қонунда белгиланган тартибда жаримага тортилади. Яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари миқдорида – 1 115000 минг сўм ($117,4) жарима қўлланилади.

«Халқ банки» раисининг ўринбосари Хасан Аҳмедовнинг сўзларига кўра, коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида улуғ ёшдаги одамларга пенсия ва нафақаларни етказиб бериш бўйича сайёр кассалар ташкил этилган.

25 мартдан жамоат жойларида ниқобсиз юрган фуқаролар жаримага тортилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирди. Санитар қонунчилик ёки эпидемияга қарши кураш талабларига риоя қилмаган шахснинг ҳаракати одамларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлса, бу ҳолда айбдор ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Миллий гвардия маълумотларига кўра, 26 март куни республика бўйича 3327 марта карантин қоидасини бузиш ҳолатлари қайд этилган. 3324 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилган, уч нафар фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган.

Тошкент шаҳар имом хатиби Нуриддин Холиқназаров ниқоб тақиб юрмаган одамларни ҳиёнатчига тенглаштирган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олишнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган. Ўзбекистон барча халқаро йўналишлар бўйича автобусларда, автомобилларда, темир йўл ва ҳаво транспортларида йўловчи ташиш апрель ойининг охиригача тўхтатиб қўйди. Мамлакатда барча чегара постлари ёпиб қўйилди. Бундан ташқари, барча таълим муассасалари, кинотеатрлар, барлар, болалар ўйинхоналари, буюм бозорлари ёпилган ва масжидларда жамоат намозлари тўхтатиб қўйилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 27 март куни мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 83 нафарни ташкил этган. Франция, Россия, Швейцария, Саудия Арабистони, Туркия ва БАА дан қайтган одамлардан 23 тасида инфекция борлиги аниқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ