Қўшни республикаларда таълим олаётган 50 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабалар ўз юртидаги ОТМда тахсил олиш учун ариза топширган. Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқармасининг раҳбари Абдували Ҳолиқов гапириб ўтди.
Тожикистонда ўқиётган талаба саволидан сўнг вазирлик вакили ушбу масалага муносабат билдирди. Талаба Тожикистондаги олий ўқув юрти ва Ўзбекистон элчихонаси ўқишни кўчириш масаласида ёрдам бермаганидан шикоят қилди. Ҳолиқовнинг сўзларига кўра, қўшни давлатлар таълим вазирликларига жорий йилнинг 10 мартида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хат билан Ўзбекистон фуқароларига амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.
Февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати қўшни республикаларда таълим олаётган ўз фуқароларининг имтиҳонсиз республика ОТМларига ўқишни кўчиришни таклиф этганди. Шундан сўнг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўқиб юртган ўзбекистонлик талабалар ёппасига ўқишларини кўчириш пайига тушдилар ва бу борада муаммолар пайдо бўлди.
Талаба ўзи яшаётган жойдаги олий ўқув юртига ўз соҳаси бўйича ўқишини кўчириши мумкин. Талаба контракт тўлови асосида ОТМга кўчирилиши мумкин. Ҳолиқов, шунингек, карантин даврида ўқишлар қандай ташкил этилиши масаласига тўхталиб ўтди.
У контракт тўловларини тўлолмаган талабалар ўқишдан ҳайдалмаслигини айтди. Талабаларга стипендия тўлаш нақд пулсиз давом эттирилади. Ҳозирда мутасаддилар пластик картаси йўқларни карта билан таъминлаш чораларини кўрмоқдалар.
Профессионал коллежларда таълим олаётган ўқувчилар таътилдан сўнг амалиётини ўтаб, имҳонларга тайёргарлик кўришлари мумкин. Бу карантин вазиятига боғлиқ бўлади.
Ҳолиқов коллеж битирувчилари учун ОТМга ўз вақтида ҳужжатлар топшириш масаласида муаммолар бўлмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, вазирлик ходими масофали ўқитишни ташкиллаштириш ишлари борасида гапириб ўтди. TAS-IX тармоғида tube.edu.uz видеопортали ишга туширилган бўлиб, унга предметлар бўйича видеолекциялар жойлаштирилади. Telegramда @eduuz_online канали ишга туширилган. Айрим лекциялар вебинар форматида ўтказилади.
Mening Yurtim телеканали олий ўқув юртлари учун душанбадан жума кунга қадар соат 10:30 дан 12:00 гача психология ва инглиз тилидан лекцияларни трансляция қилмоқда. Шунингдек, ўқув ресурслари ОТМ ҳамкорлигида яратилган Moodle масофали таълим платформасида мавжуд. Ҳозирда 7395 предметдан 2147 таси электрон форматга кўчирилган.
Ўзбекистондаги маориф муассасалари 16 мартдан масофали ўқув форматига кўчирилди. Ундан бир кун олдин республикада коронавирусга чалинган биринчи одам қайд этилганди.