Бухоро, Навоий, Гулистон шаҳарлари карантинга ёпилди

Самарқандга кираверишда автомобилларни дезинфекция қилиш ишлари . Stv.uz сайти фотосурати

27 мартдан бошлаб Гулистон, Бухоро, Навоий ва Зарафшон шаҳарларига кириш йўллари беркитилди. Навоий вилоятининг Учқудуқ, Тамдин, Конимех ва Хатирчи туманлари ҳам ёпилди. Бундай чоралар аҳолининг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида кўрилди.

Мазкур ҳудудларга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташувчи машиналаридан ташқари барча турдаги транспорт воситаларига таалуқлидир.

Тақиқ ушбу ҳудудларда доимий яшовчи шахслар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мазкур ҳудудларга кирмоқчи бўлган транспортлар дезинфекция қилинади.

Бундан олдин Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижонга кириш ва чиқиш йўллари беркитилгани хабар қилинганди.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 27 март куни эрталаб мамлакатда коронавирусга чалинган 83 нафар одам борлиги аниқланган. Уларнинг 11 нафари республика Вирусология институти ходимларидир. Инфекцияни юқтирган 15 нафар одамда пневмония касаллиги аниқланган, еттита одамнинг саломатлиги оғир ҳисобланади. Бутун республика бўйлаб 64 минг одам карантинга жойлаштирилган, 50 минг одам ўз уйларида врачлар назоратида, 14 минг одам махсус тиббий муассасаларга жойлаштирилган.

26 март ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида -15,4 минг, Фарғонада — 8 минг, Тошкент вилоятида — 6 мингдан ортиқ ва Тошкент шаҳрида 5,5 мингта одам карантин назоратига юборилган. Коронавирус борлиги гумонланган одамларни ётқизиш учун мамлакатда жой етишмаслиги сабаб, чегарада ўз юртига киролмаётган ўзбекистонликлар йиғилиб қолган.

Ҳозирда хитойликларнинг тезлаштирилган қурилиш усулидан фойдаланган ҳолда мамлакатда бир нечта инфекция шифохоналари бунёд этилмоқда.

25 мартдан жамоат жойларида ниқобсиз юрган одамлар жаримага тортилмоқда. Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ