Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев карантин қоидаларини бузаётган ҳамда коронавирус инфекциясини тарқалишига сабаб бўлаётган фуқароларни ва вилоятларда инфекциянинг нечоғлик хавфли эканини тушунтириб бермаётган амалдорларни танқид қилди, дея хабар беради Kun.Uz.
“Шу боис карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисида парламентимиз қабул қилган қонунни имзоладим. Ушбу қонунга асосан, бундан буён карантин даврида атрофидаги инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади”, дея қайд этиб ўтди давлат раҳбари.
Карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтирилиши сабабларини изоҳлар экан, Мирзиёев жойларда маҳалла фаолларининг роли умуман сезилмаётганини, айрим фуқаролар маҳалла раисларининг кўз олдида кўп одамларни йиғиб, дабдабали маросим ва тадбирларни ўтказишни давом эттираётганини билдирди.
“Мисол учун, Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Беруний маҳалласида яшовчи аёл Умрадан қайтиб келиб, уйда карантинда бўлиш талабларини қўпол равишда бузиб, эртаси куни 120 нафар кишини чақириб, дабдабали маросим ўтказган. Оқибатда унинг 4 нафар оила аъзоси инфекция юқтиргани аниқланди. Яна қанча одам касаллангани ҳали номаълум”, деди Мирзиёев.
Президент коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Агар одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин, дея куюнди Мирзиёев.
“Айрим ҳудуд раҳбарлари ҳозирга қадар фуқароларга мурожаат билан чиқиш ва юзага келган вазиятни аҳоли ўртасида тушунтириш чораларини кўрмаяпти. Маҳаллий телеканаллар, газета ва журналларда, ижтимоий тармоқларда ишлар лозим даражада ташкил этилмаяпти”, дея билдирди президент.
Ўзбекистон Бош покуратураси карантин қоидаларининг бир неча бор бузилишлари ҳақида маълум қила туриб, мазкур ҳолатлар бўйича маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилганини, уларнинг орасида — №1 бемор (Франциядан COVID олиб кирган аёл) билан мулоқотда бўлган 56 ёшли аёлни мисол қилиб келтирди. Бу аёл ўзини жамиятдан ажралган ҳолда тутиш қоидасини бузиб, Тошкент вилоятининг Қибрай туманига йўл олган. Унинг таҳлил натижасида коронавирус борлиги маълум бўлганидан сўнг бу аёлни ва у билан мулоқотда бўлган барча одамларни Чирчиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига карантинга жойлаштиришга тўғри келди.
Ўзбекистонда коронавирусда гумонланган одамларни карантинга жойлаштириш учун жой етишмаяпти, шу важдан чегарада одамлар тўпланиб қоляптилар. Айни пайтда республикада хитойлик қурувчиларнинг тажрибасидан фойдаланиб, тезлаштирилган услубда бир нечта юқумли касалликлар шифохоналари қурилиши бошланган.
Ҳозирги кунгача дунё бўйича 520 мингдан зиёд одамларнинг COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани аниқланган, улардан 23 640 киши вафот этди, 122 минг нафари шифо топиб кетди. Италия ва Испания қурбонлар сони бўйича Хитойдан ўзиб кетди. Ўзбекистонда коронавирусли беморлар сони 10 тага кўпайиб, 75 кишига етди.