Андижон шаҳрига юк ташувчи транспортлардан ташқари ҳар қандай транспортнинг кириши ва қичиши тақиқланади.
Шунингдек, тақиқ Андижон шаҳрида доимий яшовчи шахслар, вилоят туманларидан Андижон шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган маъсул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Тегишли бошқарма, идора ва ташкилотлар томонидан Андижон шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик постлар ташкил этилади, бу жойлар тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади,
Андижон шаҳрига кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналарини мажбурий дезинфекция қилинади.
Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида мана шундай чоралар кўрилган. Бундан аввал Тошкент ва Наманган шаҳарларига кириш ва чиқиш йўллари беркитилгани хабар қилинганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 26 март ҳолатига биноан Ўзбекистонда COVID-19 коронавируси касалланган одамларнинг сони 65 нафарга етган.