Коронавирусга чалинган инсон аниқлангани туфайли Наманган шаҳри ёпилди

Uza.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда Covid-19 коронавирус инфекциясини юқтирган беморлари сони 25 март куни кечқурунга келиб 60 кишига етди. Истанбулдан Наманганга қайтган одам 60- бемор бўлиб қолди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Telegram-канали.

Ҳозирда у Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 26 март куни соат 00:01 дан бошлаб, Наманган шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Наманган шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлигининг Telegram-каналида маълум қилинган.

Хабарда айтилишича, ушбу қарор вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Наманган шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга татбиқ этилмайди. Наманган шаҳридаги “Чорсу” ва “Яшил” деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, дорихоналарга дори-дармонлар ва антисептик воситаларни олиб кирилишида алоҳида махсус рухсатнома асосида, юк ташиш машинаси ва маҳсулотларни дезинфекция қилган ҳолда кириши таъминланади.

Қарорга асосан, карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича вилоят штаби тузилди. Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик постларнинг фаолияти ташкил қилинади. Шаҳар ҳудудига кириш ва чиқиш жойлари мутахассислар билан таъминланади ҳамда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади. Улар карантин қоидаларига риоя қилиниши, шаҳарга кириш ва чиқиш устидан назорат қилиб борадилар.

Шаҳарга фақат Наманган шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахслар, вилоят туманларидан Наманган шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган маъсул ходимлари кира оладилар.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олишнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган. Ўзбекистон барча халқаро йўналишлар бўйича автобусларда, автомобилларда, темир йўл ва ҳаво транспортларида йўловчи ташиш апрель ойининг охиригача тўхтатиб қўйди. Мамлакатда барча чегара постлари ёпиб қўйилди. Ўзбекистон пойтахти ҳам карантин туфайли ёпиб қўйилди. Бундан ташқари, барча таълим муассасалари, кинотеатрлар, барлар, болалар ўйинхоналари, буюм бозорлари ёпилган ва масжидларда жамоат намозлари тўхтатиб қўйилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ