Адлия вазирлиги тизимидаги идоралар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан 25 мартдан бошлаб фуқароларни қабул қилиш тартибини ўзгартирмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг Telegram-канали хабар берди.
Нотариусларга мурожаат қилиш фақат кечиктириб бўлмайдиган зарурият юзага келганда (биринчи навбатда васиятнома, ишончнома, гаров, ипотека бўйича) e-notarius.uz сайти орқали тегишли нотариусга ҳужжатларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш ва электрон навбатга ёзилиш орқали амалга оширилади.
ФҲДЁ бўлимларида фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилади.
Адлия вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатларни қабул қилиш ва улар билан ишлаш фақат электрон почта ёки ишонч телефонлари орқали амалга оширилади.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча давлат хизматлари электрон шаклда my.gov.uz портали орқали онлайн тарзда ва фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина идораларда амалга оширилиши белгиланган.
Адлия вазирлиги аёл ходимларинг кўпчилиги мактабгача ёшдаги фарзандларига қараш учун меҳнат таътилига чиқиб кетгани, ходимларнинг бошқалари масофадан туриб иш олиб бораётганлари боис хизмат кўрсатишда узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.
Адлия вазирлиги фуқароларни барча биноларга киритиш фақат белгиланган навбат ва вақтга риоя этилган ҳолда ҳамда тиббий ниқоб тақилган, қўллар антисептик воситалар билан ювилган ва тана ҳарорати тепловизорлар орқали ўлчангандан кейин йўл қўйилишини эслатиб ўтган. Бино ташқариси ва ичида фуқаролар ўзаро масофа (2 метр) сақлашлари лозим.
Қайд этамиз, Ўзбекистонда барча жамоат жойларида медицина ниқобларини тақиб юриш барча фуқароларга мажбурий қилиб қўйилди. Ушбу қоидани бузганлар жаримага тортилиши тўғрисида огоҳлантирилган. Фарғона ва Нукусда ободонлаштириш бошқармалари ходимларига, кексаларга ҳамда медицина ниқобларини тақмай юрган аҳолига бепул тарқатилаяпти. Ушбу акцияни Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўтказмоқда, дея хабар беради ЎзА.
24 март ҳолатига Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 50 нафарни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, расмийлар чет-элда бўлмаган ва вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлмаган 20 ёшли тошкентлик аёлда ҳам коронавирус аниқланганини маълум қилдилар.
Ўзбекистон республикада короновирус юқтирилишининг биринчи ҳолати аниқланиши билан 16 мартдан бошлаб чегараларни ёпиб қўйди. Халқаро авиа-, авто- ва темирйўл алоқалари апрель ойининг охиригача тўхтатиб қўйилди.