Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасида Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда фуқароларни 14 кунга жойлаштириш бўйича карантин базалари ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мана шундай чоралар белгиланган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига қарашли санаторий ва бошқа соғломлаштириш масканларида ҳамда давлат тасарруфидаги дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, меҳмонхоналари негизида Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар барпо этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига хусусий тиббий муассасаларда коронавирусга чалинган одамларга кўмак бериш юзасидан таклифлар киритиш учун 10 кун муддат берилган.
Бош вазир раислигидаги коронавирусга қарши кураш комиссияси узлуксиз тиббий ниқоблар ва дори-дармонлар етказиб бериш билан шуғулланади. Комиссия айрим аҳоли пунктлари ва ҳудудларида карантин жорий қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
ИИВ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан ҳамкорликда карантиндагиларнинг тартибга риоя қилиши учун масъул бўлиб, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари ва медикаментлар билан таъминлаш ишларига жавоб беради.
Эслатиб ўтамиз, карантиндан қочган одамлар профилактика учун кўплаб фуқароларни бошқалардан изоляция қилинишига сабаб бўлди. Санитария қоидаларини бузган тўртта фуқарога жарима солинди, учта шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.