Тошкентдаги Les Ailes ва Chopar Pizza ресторани эгаси Аҳмад Мелибоев коронавирус инфекциясига қарши курашаётган тиббий муассасалар шифокорларини 1 апрелга қадар бепул овқатлар билан таъминлашини маълум қилди. Бу ҳақда Telegram-канал Koronavirus Info хабар беради.
Ишбилармоннинг сўзларига кўра, нонушта, тушлик ва кечки овқат врачлар ҳоҳлаган пайтда етказиб берилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги штаби, Call-маркази ва ушбу инфекцияга чалинганликда гумон қилинган беморлар даволаш муассасаларида туну-кун меҳнат қилаётган шифокорлар буюртма беришлари мумкин.
Маълумки, коронавирус билан касалланган биринчи одам аниқланганидан кейин Ўзбекистонда карантин эълон қилинди. Шу сабаб, товар ва маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланадиган компанияларда буюртмалар сони кескин кўпайган. Одамлар одатда озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситаларига буюртма бермоқдалар. Ишбилармонлар етарли миқдорда курьерларнинг йўқлиги сабаб аҳоли эҳтиёжини қондириш қийин кечаётганини таъкидлайдилар.
Инфекцияни олдини олиш мақсадида, кўпгина компаниялар «контактсиз етказиб бериш» хизматини жорий қилганлар. Бунда курьерлар маҳсулотларни буюртмачилар эшиги олдида қолдирадилар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекция аниқланган беморларнинг сони 33 нафарга етган.