Сурхондарёдаги жанжал юзасидан жиноий ишлар қўзғатилган

Олтинсойдаги жанжал . Видеодан лавҳа

Сурхондарё вилояти Олтинсой туман прокуратураси давлат идоралари ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги келиб чиққан жанжални текширганидан сўнг жиноий ишлар қўзғади. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси Telegram-каналида хабар берилади.

Маълумки, Олтинсой туманида ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олганликда айбланган «Халқобод» маҳалласи аҳолиси ўз уйларини бузилишдан қутқармоқчи бўлади. Улар белкурак ва тошлар билан қуролланиб, ҳокимият вакиллари ва ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига қаршилик кўрсатадилар.

Бош прокуратура маълумотига кўра, тумандаги фермер хўжаликларига тегишли 6,4 гектар суғориладиган ер майдони талон-торож қилиниб, шундан 1,4 гектари фермер хўжаликларига қайтарилган бўлса, 5 гектарни қайтариш учун таъсирчан чоралар кўрилмаганлиги сабабли, бу экин майдонлари фуқаролар томонидан узоқ муддатдан бери эгаллаб олиниб, турли мақсадларда фойдаланиб келганлиги оқибатида 436,9 млн. сўм давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилган.

Хусусан, Олтинсой тумани “Халқобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Оқ олтин манзараси” фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган пахта ва ғаллага мўлжалланган ер майдонидан шу маҳаллада яшовчи фуқаролар Б.Мухаммадиев, Д.Мухаммадиев, Ф.Нуров, С.Мухаммадиев, М.Саттарова ва А.Сафаровлар томонидан жами 0.39 гектари ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой қурилган.

Мазкур ер майдонларини қайтариш мақсадида жорий йилнинг 14 февраль куни соат 15-00 ларда ишчи гуруҳи аъзолари “Халқобод” маҳалласига борганида юқоридаги фуқаролар ва уларнинг яқинлари қўлларида бўлган таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан ишчи гуруҳи олдига чиқиб, ҳокимият вакиллари ва туман ИИБ ходимлари томонидан тушунтирилишига қарамасдан фуқаролар уларга қаршилик кўрсатишган.

Натижада, 3 нафар ИИБ ходими “енгил” тан жароҳати олган.

Жанжал марказида бўлган Ғаффор бобо Мирзаевнинг таъкидлашича, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Мирзаев нафақат муштлашувни бошқарган, балки унинг ўзи ҳам одамларни калтаклаган. Орган ходимлари куч ишлатиб одамларни автобусга судраб борганлар, улардан тушунтириш хати олиб, қўйиб юборганлар. Натижада «Халқабод» маҳалласи фуқаролари вақтинча уйларини сақлаб қололганлар.

Бош прокуратуранинг эътироф этишича, мазкур ҳолатларда мансабдор шахслар томонидан ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида суғориладиган ер майдонлари талон-торож қилинган ҳамда Олтинсой туман ИИБ ходимиларига тан жароҳати етказилган.

Шунга кўра, мансабга совуққонлик билан қараш ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятлари аломатлари мавжудлиги ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, ҳолат юзасидан Олтинсой туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ