Тошкентда карантин туфайли автобуслар сони камайтирилган

Тошкентдаги автобус парки . Nuz.uz сайти фотосурати

Тошкентда 19 мартдан бошлаб йўловчи автобусларининг сони камайтирилган. Бу ҳақда «Газета.uz» «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг матбуот хизматига таяниб хабар беради. Бу ҳолат таълим муассасаларида карантин эълон қилингани, кўплаб компания ва ташкилотлар масофадан ишлашга ўтганидан сўнг йўловчилар оқими сезиларли даражада камайгани билан боғлиқ бўлган.

10:00 дан 16:00 га қадар автобуслар ҳаракати оралиқ интерваллари узайтирилган. Компаниянинг қайд этишича, жамоат транспортида йўловчи оқимининг кескин қисқариши натижасида тиғиз вақтлардан ташқари автобусларнинг йўналишларда йўловчисиз ҳаракатланиши кузатилган.

Самарқандда ҳам транспортларнинг оралиқ интерваллари узайтирилган. Мутасаддилар ёнилғи маҳсулотларининг самарасиз фойдаланишини олдини олиш мақсадида мана шундай қарорга келинганини таъкидлайдилар.

19 март куни Юнусобод метро линиясидаги олтита бекат ярим кунча ёпиқ бўлди. Шаҳар маъмурияти одамларни олдиндан огоҳлантирмагани сабаб, ижтимоий тармоқларда аҳолининг шикоятлари янграй бошланди. Фақат соат 11.00 га келиб «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси маъмурияти янги бекатларни ишга тушириш билан боғлиқ техник ишлар туфайли метро линияси ёпилганини маълум қилди.

Ордан бир, бир ярим соат ўтиб Юнусобод метро линияси ишини давом эттирди. «Тошкент метрополитени» корхонаси блогер ва журналистларга мурожаат қилиб, янги бекатлар билан боғлиқ техник ишлар туфайли линиянинг ёпилишидан одамлар орасида шов-шув кўтармасликни сўради.

Тошкент метрополитени учта линиядан иборат ва уларда 20 та бекат ишлайди. 2025 йилга бориб бекатлар сони 75 тага етказилади, улардан 17 таси ўтиш бекатлари бўлади. Ўтган йил декабрь ойида метронинг Юнусобод линиясида олиб борилаётган қурилиш участкасининг очиқ жойида ер ўпирилиб тушган ва оқибатда олти нафар ишчи ҳалок бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ