Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, 2020 йил июнь ойидан бошлаб тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибини бузган фуқароларга жарима солинади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-каналида хабар берилган.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун 17 март куни Президент томонидан имзоланди.
Қонун эълон этилгандан сўнг уч ой ўтиб кучга киради.
Унга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказувчи шахс томонидан мазкур тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 10 баравари (бир БҲМ бугунги кунда 223 минг сўм ёки $23) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, тўйхоналар, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахси томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик БҲМнинг 30 баравари (6 млн 690 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Тўйхона, кафе ва ресторанлар эгаси томонидан ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
2020 йил 1 январдан Ўзбекистонда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тизимини мукаммаллаштиришга доир қонун кучга кирган. Ҳужжатга кўра, тўйлар бир кунда ўтказилади (соат 06:00 дан 23:00 гача), меҳмонлар сони 200 нафардан ошмаслиги керак (ошга 300 нафар одам чақириш мумкин). Тўй кортежи учта машинадан ошмаслиги лозим. Маъракаларда одам сони чекланмаган, у учдан ортиқ давом этмаслиги керак