Ўзбекистонда COVID-19 коронавируси билан касалланган одамларнинг сони ўн биттага етди. Инфекцияга чалинган 11-чи одам республикага Дубайдан учиб келган йўловчи бўлди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Дастлаб коронавирус Париж, Лондон ва Истанбулдан учиб келган одамларда ва уларнинг яқинларида аниқланди. Беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли, шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Бугун Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг раҳбари Баҳром Алматов 17 март куни Россиядан вирусни аниқлайдиган 6 мингта тест-тизим келишини айтиб ўтди. Яна 1,5 мингта мана шундай тизим АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг касалликлар профилактикаси маркази (CDC) томонидан келиши кутилмоқда. Ўзбекистон қўшимча бир ярим мингта текст-тизимни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан ва яна шунча миқдордагисини Хитойдан олди.
Алматов агентлик барча вилоятларда вирусологияга доир лабораторияларга эга эканини таъкидлаб ўтди.
Матбуот анжуманида давлат бош санитар врачи Нурмат Отабеков Тошкентда коронавирус илк бор аниқлангунига қадар 1700 та тадқиқот ишлари олиб борилганини айтди. Ўзбекистон нега аввалроқ чегарани ёпмаганлиги билан боғлиқ саволга Отабеков республика халқаро стандартларга мувофиқ иш юритаётганини таъкидлади. У Ўзбекистондан ҳам аввал вирус борлиги аниқланган Россиянинг 18 мартдан чегарани ёпаётганини мисол қилиб кўрсатди.
Бош санитар врачнинг маълумотларига кўра, 16- март куни республикага четдан 24,5 мингта одам кириб келган: уларнинг 21 мингтаси — автомобиль йўллари орқали, 2,5 мингтаси — самолётларда ва мингтаси поездларда кириб келган. Карантинга олинганларнинг барчаси яшаш жойида тиббий назоратга олинган. Ҳозирда 2100 та одам карантин назоратида.
Вирусология институти директори Эркин Мусабоев ҳозирча республика COVID-19 аниқлаш учун реактивлар дефицитини ҳис қилма]тганини таъкидлади. Унинг айтишича, «дунёнинг ҳеч қаерида етарлича реактивлар мавжуд эмас».
Ўзбекистонда тадқиқотлар полимер ҳалқали реакция услубида олиб борилмоқда. Инсоннинг томоғи ва бурнидан керакли материал олиниб, молекуляр генетик услубида вируснинг генетик қисми ўрганилади.
Мусабаев агар касаллар сони ортиб кетадиган бўлса Ўзбекистонда ҳам Хитой, Италия, Испанияда бўлгани каби шаҳарлар карантин остига олинишини айтиб ўтди.
COVID-19 эпидемиясига қарши республика ҳукумати қатор чораларни амалга оширди -чегара ёпилди, таълим муассасалари, болалар боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилган, Наврўз байрами ва бошқа тадбирларни (тўйлардан ташқари) ўтказиш бекор қилинган. Ўзбекистон бошқа мамлакатлар билан авиа, темир йўл, автомобиль алоқаларини вақтинча тўхтатди.