Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги коронавирус туфайли хорижда яшаб, ватанига қайтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун тезкор штаб тузди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати Facebookдаги саҳифасида эълон қилганди. Бироқ, ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг ёзишича, штабга қўнғироқ қилиб тушишнинг иложи йўқ. ТИВ матбуот хизмати тезкор штабнинг +998 71 233 28 28, +998 97 136 51 51 (ушбу мобил рақамга Telegram-канал уланган) телефон рақамларига туну-кун қўнғироқ қилиш мумкинлигини ёзган. Бундан ташқари, ўзбекистонликлар, чет элликлар колл-марказининг қисқа 1164 рақамига қўнғироқ қилиши ёки e-mail: info@mfa.uz орқали дипломатлар билан боғланиши мумкинлиги айтилади.
Кўпчилик изоҳларда ТИВ тузган штабга қўнғироқ қилиб тушиш имконсизлиги ёзилади. «Штабнинг биринчи иккита телефон рақами мутлоқ ишламаяпти! Telegram-рақам ҳам ўчирилган, сизларга қандай қилиб қўнғироқ қилиш мумкин? Ишламайдиган телефон рақамларини кўрсатишдан нима фойда???» – дея шикоят қилади бир ўзбекистонлик. «Фарғона» таҳририяти ҳам кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиб, боғланишга уриниб кўрди: шаҳар телефони банд кўрсатди, мобиль номери эса «хизмат кўрсатиш зонасидан ташқарида» эди.
Коронавирус эпидемияси туфайли Ўзбекистон 16 мартдан бошқа мамлакатлар билан авиа, авто, темир йўл алоқаларини бекор қилгани боис республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ўзбекстонликларни ватанига қайтиши учун чартер рейсларни уюштиради. Ўзбекистонга олиб келинган барча фуқаролар икки хафталик карантин назоратига олинади. Авваллари коронавирус эпидемияси тарқалган Хитой ва Жанубий Кореядан келган фуқаролар карантинга олинган эди.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистондан фуқароларнинг четга чиқмаслиги тартиби чет элликларга таалуқли эмаслигини таъкидлайди. Ўзбекистон ҳукумати чет эл дипломатик миссияларига ўз фуқароларини республикадан олиб чиқишга ёрдам беришини маълум қилган. Ўзбекистондаги Россия элчихонасининг консуллик бўлими хабарига кўра, ҳозирда россияликларни олиб чиқишни ташкиллаштириш масаласи кўрилмоқда. Тошкентдан учиб кетишни хоҳлаган россияликлар махсус варақни тўлдириб элчихонанинг қуйидаги электрон почта манзилига юборишлари керак consul.tashkent@mid.ru.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Эронга COVID-19га қарши кураш учун зарур тиббий ниқоблар, медикамент ва дори-дармонлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини самолётда юборди. Хабарларга кўра, самолёт қайтишида талабаларни, ишбилармонларни, Эрон-Туркманистон чегарасида қолиб кетган ўзбекистонлик юк ташувчи ҳайдовчиларни ҳам ватанга олиб келади.
Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган биринчи одам 15 март куни аниқланди. Ҳозирги пайтда ушбу касалликка чалинганларнинг сони олти нафарга етган.