Марғилон суди ўндан ортиқ ҳайдовчини ҳибсга олишга қарор чиқарди

Ҳайдовчи ва ИИБ ходимлари Савдо маркази олдида. ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати фотосурати

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрининг маъмурий ишлар бўйича суди Damas русумли 19 та автомобиль ҳайдовчиларини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда республика ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг матбуот хизмати хабар беради.

«Марғилон шаҳар марказидаги Б.Марғилоний кўчасида жойлашган савдо мажмуаси рўпарасида Марғилон — Фарғона шаҳарлари ҳамда Қиргули мавзеси йўналишларида киракашлик билан шуғулланувчи “Damas” русумли автомашина ҳайдовчилари ушбу кўчадаги пиёдалар ўтиш йўлакчаси олдига ҳамда йўлнинг қатнов қисмига бетартиб туриб олиб, пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатига ҳалал бераётганлиги сабабли вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари мазкур тартибсизликни бартараф қилиш мақсадида етиб келишади», -дейилади хабарда.

Ҳайдовчилар орган ходимларининг йўлакни тўсмаслик талабига қулоқ солишмайди.

Оқибатда ҳайдовчилар ушланиб, бўлимга олиб келинади. Кейинчалик Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган жами 19 нафар ҳуқуқбузар “Дамас” ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 («Майда безорилик»), 194 (Ички ишлар органи ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаслик) ва 195 (Миллий гвардия ҳарбийларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) — моддалари билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Марғилон шаҳар Маъмурий ишлар бўйича судининг қарори билан 6 нафарига 15 сутка, 8 нафарига 10 сутка, 5 нафарига 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Республика ИИВ ЙҲХББ фуқаролардан бу каби воқеаларга дуч келганда ички ишлар органига мурожаат қилишни сўрайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ