«Меҳрибонлик корпуси» Ўзбекистонга қайтди

Mercycorps.org сайти фотосурати

АҚШнинг «Меҳрибонлик корпуси» (Mercy Corps) халқаро нотижорат ташкилоти Ўзбекистонда ўз филиалини очади. 9 март куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги мазкур ташкилотга рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасини берди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Яқин беш йил ичида «Меҳрибонлик корпуси» Қорақалпоғистон республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги болалар боғчаларида болаларнинг озиқланишини янада яхшилаш ишлари билан шуғулланади. Инсонпарварлик ташкилоти мактабгача таълим муассасаларида таъмир-қурилиш ишларини олиб бориш, қишлоқ ва олис жойлардаги боғчаларнинг мунтазам ичимлик суви билан таъминлаш ишларини амалга оширишни режа қилган.

Дастур доирасида 410 та болалар боғчасига кўмак берилади. Лойиҳа АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

Ташкилот низомига кўра, фаолиятнинг асосий йўналиши ўзбек оилаларида турмушни яхшилаш учун хусусий, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилади.

«Меҳрибонлик корпуси» Ўзбекистонда ишлаш тажрибасига эга, зеро у ўз фаолиятини 1995 йили бошлаганди. 2005 йили ташкилот солиқ органларидан $557 минг даромадни яширганликда айбланган. 2006 йили Mercy Corps филиали биринчи суд инстанциясида ишни ютган бўлсада, охири республикадаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

2018 йил августда Адлия вазирлиги «Халқаро маориф бўйича Америка кенгаши»

(ACCELS) ташкилотига мамлакатда фаолият юритишга изн берувчи гувоҳнома берди. Мазкур ташкилот ҳам авваллари ҳукумат билан ҳамкорлик қилган, лекин 2006 йили Ўзбекистон суди қарори билан ташкилотнинг фаолиятига чек қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ