Фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бепул бўлади

Хусусий бандлик агентлигидан жабрланган одамларнинг Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашуви. Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хусусий бандлик агентликларининг (ХБА) чет элга ишга жойлаштириш учун фуқаролардан пул олиши тақиқланади. Бу хизмат учун тўлов иш берувчи томонидан амалга оширилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 24 мартга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасига мана шундай нормалар киритилган.

Ҳужжатга кўра, ХБАлар фақа маслаҳат ва маълумот кўмагини кўрсатгани учун одамлардан ҳақ олиши мумкин. Лекин унинг миқдори максимум икки базавий ҳисоб миқдорида (БҲМ) бўлиши керак. Бундай сумма 446 минг сўмни ($47) ташкил этади.

Хусусий бандлик агентлиги томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labor-migration” дастурий мажмуасида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказилади. Мазкур талабга риоя этмаслик хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади

Бундан ташқари, хусусий бандлик агентлиги лицензияси учун резерв жамғармаси суммаси 8500 БҲМ – икки миллиард сўмга яқин (деярли $200 минг) миқдорида белгиланган. Ҳозирда ХБА ҳисоб рақамида $50 мингдан кам сумма бўлмаслиги керак.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўтган йил октябрь ойида хусусий бандлик агентликлари фаолиятига ўзгартиришлар киритишни режалаштирганди. Ўшанда вазирлик агентлик ва фуқаролар ўртасида шартнома асосида олдиндан юз фоиз тўлов ўтказиш амалиётини бекор қилиш ташаббусини илгари сурганди. Қонун лойиҳасига кўра, мижоз шартнома тузилганидан сўнг икки кун ичида кўрсатиладиган хизмат ҳақининг 15 фоизини агентлик ҳисобига ўтказади. Сумма 30 БҲМ ёки 6,7 млн сўмдан ($708) ошмаслиги керак. Иш изловчи меҳнат визаси ва чет эллик иш берувчи томонидан ишга жойлаштириш кафолатгани олгандан кейингина қолган суммани тўлайди.

Маълумот ва маслаҳат учун максимал тўлов уч БҲМ – 669 минг сўмни ($70) ташкил этади.

Кейинги ярим йил ичида бир неча хусусий бандлик агентликлари фирибгарликда айбланди. Чет элларда ишга жойлаштириш учун одамлардан олдиндан пуллар йиғиб олган агентликлар ўз ваъдаларидан чиқмадилар. Вазият шу даражага етиб бордики, оқибатда Бош вазир Абдулла Арипов ўзбекистонликларни хорижда ишлаши масаласини Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига топшириб, қолган барча хусусий агентликларни ёпиш таклифини илгари сурди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ