2020 йили Ўзбекистонда шартли равишда маҳкум этилган ва муддатидан илгари шартли озод этилган фуқаролар электрон браслетлар ёрдамида назорат қилинади. Пробация хизмати уч минг дона мана шундай гаджетлар билан таъминланади. Бу тўғрида 5 март куни қабул қилинган ҳукумат қарорида сўз юритилади, деб хабар беради Адлия вазирлигининг Telegram-канали.
Бундан ташқари, республикадаги барча қамоқхоналарга видеоназорат камералари ўрнатилади – 18 та жазони ўташ колонияларида 1833 дона мана шундай ускуна ўрнатилади. Ички ишлар вазирлиги ҳам 36 та комплект персонал видеокамера (боди-камер) сотиб олади.
Қарорда 2020-2024 йиллари жазони ўташ колонияларида турар-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури тасдиқланган. Бу муддат ичида 14 та колонияда 60 та бино хонага (кубрик) айлантирилади. Бундан ташқари, учта янги бино қуриш кўзда тутилган. Пенитенциар муассасаларига 50 метрли масофада олти метрдан баланд объектларни қуриш, у ерда маъмурий, хўжалик бинолари қурилиши учун ер ажратиш ман этилади.
Жазони ўташ бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати 2019 йил 1 январда ташкил этилган. Ташкилот шартли маҳкум этилган ва муддатидан илгари шартли озод этилган шахсларни назорат қилиш, шунингдек, ички ишлар бўлимидаги озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар ижросини (жарима, маълум ҳуқуқлардан маҳрум этилиш, аҳлоқ тузатиш ишлари) ташкиллаштиришдан иборат.
2019 йили Ўзбекистонда 6957 нафар фуқаро турли жазо муддатларига маҳкум этилган. Ўтган йили республикада фаолият юритаётган Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 845 та одамга нисбатан 28 846 та ишни кўриб чиқилган, бу аввалги йилга нисбатан 24,4% ва 24,2% кам миқдорни ташкил этади. 27 603 нафар одам айбдор деб тан олинган ва жазога маҳкум этилган (улардан 3112 таси аёл киши ва 497 нафар вояга етмаганлар), 859 та шахс оқланган ва реабилитация қилинган. Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар белгилангани боис 3080 та одам суд залининг ўзидан озод этилган. Бундан ташқари, 26 436 нафар шахс муддатидан илгари шартли равишда озод этилган.