Ўзбекистонда Бухоро амирининг қариндошлари борлигини аниқлаш мумкин бўлади

Сайид Олимхон. С.М. Прокудин-Горский фотосурати, Wikimedia Commons

Ўзбекистонда ёқин орада Y-хромосомаларини (оилага мансублик тести) генетик экспертиза қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Шу сабаб Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхонга қариндошлиги борлигини даъво қилаётган одамлар олимларга мурожаат қилганлар. Бу тўғрида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази лабораторияси раҳбари Дилобар Аҳмедова маълум қилган, деб хабар беради Kun.uz.

Унинг сўзларига кўра, қариндошлик алоқаларини аниқлаш учун даъвогарнинг ДНК наъмуналари керак бўлади, яъни амир Олимхонга қариндошман деган одамларнинг генетик материаллари таҳлил қилинади.

Y-хромосомалар тадқиқотлари асосан криминалистикада фойдаланилади. Жумладан, бундай тест орқали маълум инсоннинг этногези — у ёки бу халққа мансублигини аниқлаш мумкин.

Ахмедованинг таъкидлашича экспертиза пулли бўлади. Лекин у неча пул бўлишини айтмаган. Таққослаш учун шуни айтиш лозим, Россияда бу каби экспертизанинг нархи ўн минг рублдан ($150 га яқин) бошланади.

Y-хромосомаларнинг генетик экспертизаси – шахснинг эркак томонидан қариндошликка мансуб ёки мансуб эмаслигини тасдиқлаб берадиган амалиёт ҳисобланади.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази ушбу соҳада мамлакатда етакчи муассаса ҳисобланади. Бу ерда криминалистика, материалшунослик, иқтисодий, фонографик, инженер-техник, генетик ва бошқа суд экспертизалари ўтказилади. Марказ лабораторияларида Марказий Осиёда илк бор инсон ДНКсини биологик экспертиза қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ