Ватиканда коронавирус COVID-19 га чалинган биринчи одам аниқланди. Бу ҳақда Муқаддас тахт матбуот хизматининг раҳбари Маттео Брунини сўзларига таяниб ТАСС хабар беради.
«Мижозлардан бирида коронавирус аниқланганидан сўнг бугун бинога санитар ишлов берилиши сабаб, Ватикан соғлиқни сақлаш ва гигиена дирекциясининг амбулаторияси ишдан тўхтади», – деди у.
Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Бундан олдин ижтимоий тармоқларда Рим папаси Францискнинг коронавирус билан касаллангани тўғрисида миш-мишлар тарқалганди, бироқ бу гаплар асоссис чиқди. Расмий маълумотларга кўра, понтифик ростдан ҳам соғлигининг мазаси бўлмагани боис айрим маросимларда қатнашолмаган. Лекин бу ерда гап фақат оддий шамоллаш ҳақида бормоқда.
Италияда коронавирус инфекциясининг тарқалиши Ватикангача етиб борди (касалланган инсон шахси аниқмас). Мамлакатда касалланганлар сони 3,8 минг одамдан ошган. Шу сабаб Италиянинг айрим ҳудудларида карантин эълон қилинган, оммавий тадбирлар тўхтатилган, мактаб ва университетлар ёпилган.
Фанга номаълум вирус инфекцияси Хитойнинг марказий ҳудудидан тарқала бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, аниқланган касаллар сони 98 мингдан ортиб кетган, ушбу касаллик туфайли 3,3 минг одамнинг оламдан кўз юмгани қайд этилган. Хитойдан ташқари коронавирус ўнлаб мамлакатларда аниқланган.
Касаллик оғир ва ўта оғир ҳолатда кечиши мумкин. Хитой ҳукумати мулозимларининг фикрига кўра, касалликнинг оддий формасига чалинганларнинг даволанишига бир ҳафта, оғир формасидагилар учун икки ҳафта ва ундан ортиқ вақт талаб қилинади.
Айрим давлатларда вакцина устида ишлар олиб борилмоқда. Гонконглик олимлар бу соҳада муваффақиятга эришганларини, лекин вакцина керакли синовлардан ўтказилиши лозимлигини маълум қилганлар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эътироф этишича, вакцинани ишлаб чиқишга камида бир ярим йил вақт талаб этилади.