Қозоғистон учувчисиз учиш аппаратлари томонидан нефть ташувчи танкерларга уюштирилган бир қатор ҳужумлардан сўнг Новороссийск яқинидаги Каспий қувур консорциуми (КҚК) денгиз терминали йўналишидаги қувур орқали нефть етказиб беришни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, чекловлар камида жорий ҳафта охиригача амал қилади. Бундай қарор Қора денгиз акваториясида бир нечта ҳужумлар содир этилганидан сўнг кема эгалари КҚК терминалига танкерларни юборишдан хавотирланаётгани сабабли қабул қилинган.
Reuters агентлиги учта соҳа манбасига таяниб хабар беришича, Каспий қувур консорциуми 21 июль куни нефть қабул қилишни тўхтатган. Шу билан бирга, консорциум расман фақат хомашё юклаш вақтинча тўхтатилганини маълум қилган, терминалга шикаст етгани ёки унинг фаолияти издан чиққанини билдирмаган. Бу масала юзасидан ҳозирча расмий изоҳ берилмаган.
Нефть етказиб беришнинг тўхтатилиши Қозоғистонда нефть қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига олиб келиши мумкин. Чунки мамлакатнинг денгизга тўғридан-тўғри чиқиш йўли йўқ ва ҚҚК тизими орқали Қозоғистон нефть экспортининг 80 фоиздан ортиғи амалга оширилади.
Ушбу йўналиш орқали мамлакатнинг энг йирик нефть конларидан қазиб олинган нефть ташилади. Бу конлар Chevron, ExxonMobil ва Shell каби халқаро компаниялар иштирокида ўзлаштирилмоқда.
20 июль куни КҚК денгиз терминалида нефть юклаётган Nelsa танкерига учувчисиз учиш аппарати ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида кемада ёнғин келиб чиқди, экипаж эвакуация қилинди ва юклаш ишлари тўхтатилди. Бундан аввал ҳам консорциум терминали орқали Қозоғистон нефтини экспорт қилаётган Nordic Zenith, ASIA, NISSOS IOS ва Yasa Polaris танкерлари ҳужумга учраган эди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқаролик кемаларига қилинган ҳужумларни республика иқтисодий манфаатларига тажовуз деб атади, экспорт инфратузилмасига берилган зарбаларни қоралади ҳамда етказилган зарарни баҳолаш ва кейинчалик уни қоплашни талаб қилиш имкониятини кўриб чиқишини маълум қилди.



