Тошкентда Ягона миграция маркази ташкил этилди

Ягона миграция марказида. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизматининг фотосурати

Тошкентнинг Яшнобод туманида Ягона миграция маркази (ЯММ) очилди, деб хабар беради Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг матбуот хизмати.

Ташкилот пойтахтнинг Паркент кўчаси, 331- уйда жойлашган.

ЯММ Россияда ишламоқчи бўлган фуқароларга хорижда мослашишга доир психологик ёрдам кўрсатади. Бу ерда бўлажак меҳнат мигрантлари суғурта полисини расмийлаштириш, миграция картасини тўлдириш, патент олиш борасида керакли маълумотлар оладилар.

Марказда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Россиянинг Халқдар дўстлиги университети (РУДН) ҳамкорликда меҳнат патенти учун зарур бўлган рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асослари бўйича одамлардан имтиҳон олади ва уларга сертификат топширади.

2017 йили Ўзбекистон ва Россия ўртасида фуқароларини ташкиллаштирилган тартибда Россияда ишга қабул қилишга доир ҳукуматлараро келишув имзолангандан кейин Ўзбекистонда кўптармоқли миграция марказларини очиш масаласи кун тартибидан ўрин олди.

Тошкентда меҳнат патенти учун имтиҳон топширадиган учта марказ очилиши режалаштирилди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра, хорижда 2,5 млн ўзбекистонликлар вақтинча меҳнат фаолиятини юритмоқдалар, уларнинг икки миллиони Россияда ишлайди. РФ Федерал хавфсизлик хизмати статистикасига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россияга 918 минг Ўзбекистон фуқароси ишлагани келган. Россиядаги мигрантлар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллайди. 2019 йилнинг биринчи ярмида ўзбекистонликларнинг уйига юборган пул ўтказмалари $2 миллиарддан кўп бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ