Қашқадарёлик сўкинишни яхши кўрадиган ҳоким ишдан олинди

Янги ҳоким Ғайрат Бегалиев . Қашқадарё вилояти ҳокимияти матбуот хизматининг фотосурати

Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг ҳокими Бахтиёр Ражабов ишдан олинди. Вилоят прокурори ҳам ўз лавозимидан кетди. Бу ҳақда вилоят ҳокимиятининг матбуот хизмати хабар беради.

Ражабов маҳалла раислари билан ўтказилган мажлисда куракда турмайдиган сўзлари билан машҳурлик чўққисини эгаллади. Авваллари матбуотда у билан боғлиқ бошқа жанжаллар ҳам ёритилганди. Масалан, 2017 йил май ойида Халқобод қишлоғида истиқомат қилувчи Бекзод Ҳусанов ҳокимдан калтак еганидан шикоят қилган. 2018 йил сентябрда тадбиркор Фазилат Нормуродова Ражабовга шикоят билан мурожаат қилганида раҳбар аёлни дастлаб ҳақорат қилади, кейин бўғиб тепа бошлайди.

4 март куни ўтказилган халқ депутатлари Миришкор туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ражабов ишдан олинади, унинг ўрнига Қарши туманининг собиқ ҳокими Ғайрат Бегалиев тайинланади.

Daryo.uz нашрининг хабарига кўра, Ражабовнинг ўзи ишдан бўшаш аризасини ёзган.

«Бахтиёр Ражабов адашди. Аммо шундай яхши кадрни йўқотаётганимиз ачинарли. Мен ҳокимларни огоҳлантиргандим, аммо натижа йўқ. Ҳокимият биноси ҳақорат сўзларни ишлатиш ёки кимнидир сўкиш учун қуриб берилмаган», — деган вилоят ҳокими Зоир Мирзаев.

Ражабов ўрнига келган ҳоким ҳам қўпол муносабати билан одамларга танилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ