Уйғурлар тадқиқотчиси икки марта Ўзбекистонга киритилмади

Евгений Бунин . Facebookдаги саҳифаси фотосурати

Ёзувчи ва таржимон, Хитойда яшаётган уйғурлар тадқиқотчиси Евгений Бунин (Gene Bunin) иккинчи бор Ўзбекистонга киритилмади. Бу ҳақда Американинг Eurasianet нашри хабар беради.

АҚШ ва Россия фуқаролигига эга Бунин америка паспорти билан 30 кунлик визани расмийлаштириб, Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлади. Лекин уни 1 март куни ўзбек чегарасидан ўтказишмайди.

Бундан олдин 2019 йил ноябрь ойида Бунин Россия паспорти билан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлганди. Икки ҳолатда ҳам уни чегарачилар Ўзбекистонга киритишмайди ва изоҳ учун Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишни маслаҳат беришади.

Бунин охирги марта Ўзбекистонга 2018 йили ташриф буюрган ва Бухорода бўлган. 2019 йили августда ўзбекистонлик ҳамкасблари уни Тошкентга таклиф этишади. Бироқ, махсус хизмат ходимлари олимнинг ҳамкасблари, Бунин турган ётоқхона бошлиғини сўроқ қилишади. Шундан сўнг олимни Ўзбекистонга киритишмай қўйишади.

Буниннинг ўзи эса кейинги уч йил ичида ўйғурлар тўғрисида олиб бораётган илмий ишлари ва Xinjiang Victims Database — Шинжондаги хитойликлар сиёсати қурбонлари билан боғлиқ лойиҳаси тақиққа сабаб бўлганини айтади. Лойиҳада қурбон бўлган саккиз минг одам тўғрисида маълумотлар йиғилган. Олимнинг фикрига кўра, Пекин билан яхши алоқага эга ўзбек мулозимлари унинг фаолиятидан хавфсираганлар.

Евгений Бунин Хитойда «қайта тарбиялаш лагерлари»да азобланаётган нафақат уйғурлар, балки этник қозоқлар тақдири билан ҳам шуғулланади.

Хитойнинг шимоли-ғарбида жойлашган Синьцзян (Шинжон)-Уйғур автоном районида кейинги йилларда диний, этник омилларга кўра одамларнинг таъқиб этилиши кучайган. Бу сиёсат этник уйғурлар, қозоқлар, қирғизларнинг «қайта тарбиялаш лагерлари»га қамаш орқали олиб борилмоқда (Human Rights Watch маълумотларига кўра, ушбу лагерларда азоб чекаётган одамларнинг сони бир миллионга яқиндир).