Самарқанд вилоят ҳокимияти автомобиль ҳайдовчилари учун мактаб ва болалар боғчалари олдида тезликни соатига 50 километрдан оширмасликка доир қарор чиқарди. Ҳоким Эркинжон Турдимовнинг бу борадаги қарори Zarnews нашрида чоп этилган.
Қарор болалар билан боғлиқ йўл транспорти ҳодисаларини олдини олиш мақсадида қабул қилинган. Йил сўнггига қадар барча ўқув муассасалари олдида автотранспорт тезлигини чеклашга оид белгилар ўрнатилади.
Ҳужжатда белгилар ўрнатилиши керак бўлган 815 та мактаб ва 288 та мактабгача таълим муассасалари келтирилган. Пахтачи туманининг тўртта мактаби (№44, 45, 46, 47) ва Самарқанд шаҳридаги битта мактаб (№2) олдида тезлик соатига 30 км қилиб белгиланган. Пойариқ туманининг иккита мактаби (№20 ва 21), Самарқанд шаҳрининг битта мактаби (№1) ва Нарпай туманининг битта мактаби (№6) олдида тезликни соатига 40 км.дан ошириш мумкин эмас. Қолган барча ўқув муассасалари олида соатига 50 км тезликда ҳаракатланиш мумкин.
Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-моддасида тезликни оширганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бирдан тўққиз бараваригача жарима солиниши кўзда тутилган. Қонун иккинчи бор бузилганда жарима миқдори БҲМнинг 25 бараварига ортиши билан ҳайдовчи икки йил автомобиль ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Ўзбекистон ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, 2019 йили мамлакатда 8588 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Унинг оқибатида 1915 киши ҳалок бўлган. ЙТҲнинг асосий сабабларидан бири автомобиль тезлигини ошириш ҳисобланади