«Росгеология» Ўзбекистон ҳудудларининг нефтгазлилик салоҳиятини чуқур ўрганиш асосида истиқболли майдонларни аниқлашга йўналтирилган замонавий илмий-тадқиқот ишларини олиб боради. Бу истиқболда янги конларни очишга ёрдам беради, деб хабар беради Россия холдингининг матбуот хизмати.
27 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва «Росгеология» холдинги томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш учун минерал-хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланишга каратилган ер ости бойликлари соҳасида ҳамкорлик Битими имзоланди.
Ўзбекистоннинг нефтгаз сектори доимо инвесторларда қизиқиш уйғотиб келган. Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, кейинги йилларда республикага $12 миллиардга яқин сармоя жалб этилган ва улардан 73 фоизи айнан мазкур соҳага йўнатирилган. 2018 йили Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мамлакатнинг фойдали қазилмалари $5,7 трлн миқдорида баҳоланишини, аниқланган фойдали қазилмалар захираси —$1 трлн.га яқин эканини маълум қилганди. Бироқ, республиканинг асосий ҳудуди ҳали ўрганилмаган ва бу ерда янги конларни топиш истиқболли йўналиш ҳисобланади.
2018 йилга келиб республикада 2028 та фойдали қазилмалар конлари мавжуд бўлган: қурилиш материаллари – 867, ерости суви – 649, углеводородлар – 244 (нефть, газ, конденсат), қимматбаҳо металлар – 97 (олтин, кумуш), радиоактив металлар – 38, тоғ жинслари – 37 ва бошқа конлар. Ўзбекистон олтин, уран, мис, фосфорит, малибден заҳиралари бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан ўрин олган.
2020-2024 йиллари янги олтин конларини қидириш, баҳолаш ва очиш ишларига $230 млн маблағ йўналтирилади. Уран конларини геологик разведка қилиш ишларига $59 млн сармоя киритилади. Бундан ташқари, мис, кумуш, қўрғошин, цинк, вольфрам захираларини кенгайтириш режаланган. Фойдали қазилмалар захираси ўсишининг умумий қиймати $23,1 миллиарддан ортиқ ҳисобланади.