«Туяқуш кўрдингми — йўқ» ёҳуд Straus Houseдан алданиб қолганлар қисмати

Тошкентда Straus Houseдан норозилик билдирган одамлар намойиши . Kun.Uz сайти фотосурати

25 февраль куни Тошкентнинг Мустақиллик майдонида Straus House фирмасидан алданиб қолган элликка яқин одамлар иштирокида норозилик намойиши бўлиб ўтди. Фуқаролар «Straus House» МЧЖга нисбатан тергов тугаганига қарамай, суд бошланмаётганидан норозилик билдирди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Straus House фирмасидан 300 дан ортиқ одам жабр кўрган. ИИВ Тергов бошқармаси Straus Houseга нисбатан тергов ишлари тугаб, материаллар 2019 йил 31 декабрда судга топширилгани, суд қароридан сўнг фуқаролардан олинган пуллар қайтарилишини маълум қилган.

Straus House фирмаси мижозлари суд жараёни ҳанузгача бошланмагани сабаб ҳукуматдан ёрдам сўраб мурожаат этганлар. Намойишчилар билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Бахтиёр Исломов учрашган ва у йиғилганларга вазиятни тушунтириб берган.

Бахтиёр Исломовнинг сўзларига кўра, тергов ишлари 45 жилддан иборат, ундан 300 дан ортиқ жабрланган ва беш нафар айбланувчига доир материаллар ўрин олган. «Иш ҳажми мураккаб бўлиб, кўриб чиқиш кўп вақтни талаб қилади. Вазиятни ҳисобга олиб, иш узоғи билан 1 ойда кўриб чиқилади», – деб маълум қилган жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси.

Исломов суд жараёнига узоқ вилоятлардан келадиганларни овора қилмаслик учун видеоконференция орқали масофадан туриб суд ўтказилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини қўшимча қилади.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси вазифасини бажарувчиси Санжар Муҳаммедовнинг сўзларига кўра, жиноят иши 25 февраль куни Миробод туман судига келиб тушган. «Эндиликда процессуал нормалар асосида жиноят иши кўриб чиқилади. Вазиятни ҳисобга олиб, жараён иложи борича тезлаштирилади», – деган Санжар Муҳаммедов.

«Страус Хаус» МСЖ раҳбари Иброҳим Исроилов 2019 йили сентябрда фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган. У тузган фирма мижозлар билан Жанубий Африка Республикасидан 90 кун ичида туяқуш жўжаларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузади. Шартномалар 2019 йил январь ойидан апрель ойигача тузилган. Андижон, Наманган, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги юридик ва жисмоний шахслар компаниянинг мижозлари ҳисобланади. Straus House ходимлари 300 дан ортиқ фуқаролардан катта миқдорда пул маблағларини йиғиб олганлар.

Straus House матбуот орқали реклама бериб, унда ЖАРнинг Karoo Livestock Exports ташкилоти билан 2019 йили 100 минг дона туяқуш етказиб берилиши борасида шартнома тузганини маълум қилган. Straus House мижозларига туяқуш жўжаларини парваришлашни ўргатишини айтиб, улар улғайгунга қадар бепул ветеринар кўмак беришини ваъда қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ