Тошкентда Пиза университетининг филиали очилади

Пиза университетининг биноси. Unipi.it сайти фотосурати

Италиянинг Пиза университети ректори Паоло Манкарелла Тошкентда ўз билим юртининг филиалини очишни таклиф этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Университетда ўқиш Ўзбекистонга керак бўлган мутахассислардан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Биринчи босқичда геология, геофизика, энергетика, кимё, биотехнология, ахборот-коммуникация технологиялари, иқтисод ва бизнес бошқаруви фанлари бўйича таълим берилади.

Пиза университети билан ҳамкорлик қилиш музокараси Рим шаҳрида бўлиб ўтди. Унда республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Тошкентдаги Европа Иттифоқининг «Erasmus+» дастури вакиллари қатнашдилар. Паоло Манкарелланинг сўзларига кўра, Тошкентда очилажак ўқув даргоҳи мазкур ОТМнинг хориждаги биринчи филиали ҳисобланади ва кейинчалик бошқа давлатларда очилиши мумкин бўлган филиалларга андоза бўлади.

Ёқин орада Тошкентга филиал очилишининг ташкилий масалалари бўйича италияликлар делегацияси ташриф буюради.

Пиза университети расман 1343 йили очилган. XVI аср охирига келиб у Европанинг энг нуфузли олий ўқув даргоҳларидан бирига айланган. Бу ерда физик ва астроном олим Галилео Галилей ўқиб, ишлаган. Университетни тамомлаганлар орасида уч нафар Нобель мукофоти совриндорлари бор: Жозуэ Кардуччи (адабиёт), Энрико Ферми ва Карло Руббиа (физика). Университет 58 та дастур бўйича бакалавр ва 67 йўналиш бўйича магистрларни тайёрлайди.

Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда 21 та хориж университетлари филиаллари фаолият юритмоқда. Кейинги икки йил ичида уларнинг сони уч баробарга кўпайган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ