Қашқадарё прокуратураси уй бузилиши билан боғлиқ «оловли» намойиш ишини кўрмоқда

Uznews.uz сайти фотосурати

Қашқадарё вилоят прокуратураси уйи бузилишига норозилик билдириб ўзини ёқиб юборишга уринган Консон туманида яшовчи Муқаддас Мустафоеванинг иши бўйича ишчи гуруҳини тузди, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.

Ишчи гуруҳни вилоят прокуратурасининг катта прокурори Шоҳруҳ Ҳақбердиев бошқаради. «Туман ҳокимлиги ва туман прокуратураси мутасаддилари ва холислар иштирокида мазкур масала атрофлича муҳокама этилмоқда», — дейилади Косон тумани ҳокимияти матбуот хизматининг хабарида.

Олим Мустафоев вилоят прокуратураси тузган ишчи гуруҳ фаолиятидан норозилигини билдирган.

«Вилоятдан битта прокурор борган, Шоҳруҳ Ҳақбердиев. Лекин ишчи гуруҳнинг бошқа ҳамма аъзоси Косондан, ўша ерни 400 миллионга ($42 минг) сотган одамлар. Улар бизнинг орқамиздан “ўзини ҳимоя қилиш учун шундай қилган”, деган. Йўқ, биз бир йилдан бери мурожаат қилдик. Республика прокуратурасига, Вазирлар маҳкамасига, президент девонига мурожаат қилдик. Чиқмаган жойимиз қолмади. Фақат МЧЖ тўғри дейди, лекин унинг қарори нотўғри бўлиб чиқди. Энди буёғини кўрамиз, биз бир оддий халқ», — дейди Олим Мустафоев.

Муқаддас Мустафоева бензин сочиб, ўзини ёқиб юборишга уринади. Олов вақтида ўчирилгани боис аёл кучли жароҳат олмаган, лекин уни ўчиришга уринган 60 ёшга кирган отаси Олим Мустафоевнинг боши, бўйни, елкасидан куйган ва вилоят шифохонасида шу кунга қадар даволанмоқда.

Мустафоева бундай йўл тутгани сабабини қарз эвазига қурган уйининг бузилишига қарши аризасига туман ва вилоят прокуратураси эътибор бермагани билан изоҳлайди.

2019 йили Қашқадарёда бошқа бир «оловли» норозилик ҳам содир этилганди. Яккабоғ туманидаги ишбилармон Бахриддин Исомов бульдозерга ўтириб дўконни бузишга уринган ҳоким ўринбосари Мансур Туймаевни бензин қуйиб ёқиб юборади. Ноқонуний ҳаракати учун ёниб кетган мулозим ишдан бўшатилган, «ўз ишига маъулиятли бўлмагани» боис туман хокими ва прокурори вазифасидан четлатилганди. Ишбилармон биносини бузмасдан, таъмир қилиш тўғрисига қарор чиқарилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ