Коронавирус эпидемияси туфайли Хитойдан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар икки ҳафталик карантин муддатидан сўнг ўз уйларига юборилмоқда. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 18 февраль куни «Бўстон» санаториясида карантин назоратида бўлган 294 нафар инсон бу ерни тарк этган. Уларнинг бирортасида инфекция топилмаган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг сўзларига кўра, «Бўстон»да коронавирусни диагностика қилиш ва даволаш учун барча шароитлар яратилган, фуқаролар керакли медикаментлар билан таъминланган. Шунингдек, карантинда бўлган фуқаролар учун уч маҳал иссиқ овқат уюштирилган. Хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш ниятида оромгоҳнинг айрим бўлимларига Ички ишлар органи ва Миллий гвардия ходимлари жойлаштирилган.
Кейинги икки кун ичида карантин назоратида бўлган қолган фуқароларга ҳам жавоб берилади.
Бундан аввал «Бўстон» оромгоҳида карантинда бўлган айрим фуқароларнинг яқинлари бу ердаги антисанитария устидан шикоят қилиб, одамларнинг ноутбук ва мобил телефонлари олиб қўйилганидан шикоят қилгандилар. Бундан ташқари, орган ходимларининг бу ерга олиб келинган нарсаларни ер устига сочиб текшираётгани айтилганди. Пировардида, «қўриқчилар» шахсий гигиенага дахлдор буюмлар, иссиқ кийимлар ва чойшабларни ичкарига киритишга рухсат бергани ёзилганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу шикоятларни инкор этди. Вазирлик «Бўстон» оромгоҳидан фоторепортаж тайёрлаб, карантинда бўлганлар учун барча қулайликлар яратилганини маълум қилди.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Пекин ва Ухань шаҳридан чартер рейсларни уюштирди. Эпидемия тарқадан ҳудуддан Ўзбекистон фуқаролари уйга бепул келтирилди, Пекиндан учганларга эса «ўртадан паст тариф»да чипталар сотилган.
Умумий ҳисобда учта самолётда 584 нафар ўзбекистонлик Ватанга келтирилган.
Сил касаллигини келтириб чиқарувчи номаълум вирус эпидемияси Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланди. 18 февралга келиб ушбу касалликка чалинганларнинг сони 73 минг кишидан ортиб кетди. Эпидемия икки мингга яқин одам ҳаётини қуритди.