Эпидемиологик ҳолатларда юқумли касалликларнинг профилактикаси, даволаш, ташхис дори воситалари ва тиббий буюмлар тасдиқланган рўйхатлар асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмасдан олиб кирилади.
Парламентнинг қуйи палатасида «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунга биринчи ўқиш пайтида шундай ўзгартириш киритилди.
Янги нормага кўра, инфекция касаллигига ташхис қўйиш ва уларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар тасдиқланган рўйхат асосида олиб кирилади. Ушбу рўйхатларни тузиш тартибига доир маълумот берилмаган.
Шунингдек, депутатлар кам учрайдиган (орфан) касалликлари ташхиси ва уларни даволашда қўлланиладиган тиббий буюмларнинг олиб кирилишини ҳам тасдиқладилар. Дупутатлар бундай қарорга келганликларини мазкур тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчилари учун ушбу маҳсулотларни Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги билан изоҳладилар.
Мазкур ҳужжат президент қарорига биноан ишлаб чиқилган. Депутатларнинг фикрига кўра, ушбу ҳужжат Ўзбекистонни фавқулодда вазиятларни инобатга олган ҳолда ўз вақтида зарур дори препаратлари билан таъминлашга имкон беради.
Қонун лойиҳаси мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши хавфсизлик чоралари кучайтирилаётган бир пайтда тасдиқланди. Ҳукумат қарорига кўра, фуқароларнинг Хитойга ташрифи вақтинча чекланган, давлат чегарасида санитар кўриклар жорий этилган. Санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳузурида мамалакатга вирусни киритмаслик бўйича штаб тузилган.