АҚШ Россия таъсир доирасини камайтириш мақсадида $700 млн сарфлайди

Владимир Путин ва Дональд Трамп. Россия президенти матбуот хизмати фотосурати

АҚШ Россиянинг, жумладан Маказий Осиёга таъсир ўтказишига қарши $700 млн маблағ сарфлайди. Бу Ой уй маъмурияти сайтида эълон қилинган бюджет лойиҳасидан ўрин олган.

Ҳужжатда Қўшма Штатларининг нафақат халқаро терроризм хавфи, балки «Хитой ва Россия каби рақиб-мамлакатлар тахдиди»га ҳам учраётгани айтилади. Бюджет Америка ҳукуматининг бу борадаги сиёсатини акс эттиради.

Мудофаа секторига йўлланадиган ҳаражатлар қатори $700 млн маблағ Европа ва Осиё мамлакатларидан иборат «АҚШ иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаш орқали Россиянинг таъсир доирасига қарши курашга» сарфланади.

Ушбу маблағ мазкур мамлакатлар ҳудудий яхлитлигини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш, Россия қуролларидан воз кечишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Россия ўз манфаатлари йўлида (масалан, савдо ва энергетика соҳасида) фойдаланиши мумкин бўлган жойлардаги кучсиз иқтисодиётга кўмак беришга йўналтирилади. «Россиянинг сохта ахбороти ва ташвиқоти»га қарши алоҳида $24 млн ажратилади.

2019 йили АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги «Кремлнинг хатарли таъсирига қарши туриш» дастурини жорий қилди. Унинг мақсади– «ҳамкор мамлакатлар ҳукуматлари, фуқаровий жамияти, жисмоний шахсларига кўмак беришдан иборат». Коррупцияга қарши кураш, шунингдек энергетика соҳасида мустақилликка эришиш масалалари режалар рўйхатидан ўрин олган.

2020 йил бошида Америка ҳукумати Марказий Осиё бўйича стратегиясини ошкор қилди. У ҳам минтақавий ҳамкорлик, Афғонистон билан алоқаларни яхшилаш, террорризм ва экстремизмга қарши биргаликда ҳаракат қилиш мақсадларини ўз олдига қўяди.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Тошкентга ташрифи чоғида мазкур стратегия минтақа мамлакатларининг Ташки ишлар вазирлари ҳукмига ҳавола этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ