Ўзбекистонда ОТМга киришда янгича усул қўлланилади

Ўзбекистонда ўкишга киришдаги тест синовлари. Gazeta.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда абитуриентларни босқичма-босқич битирув имтиҳонларининг натижаси билан қабул тест синовларида қатнашмай тўғридан-тўғри ОТМга ўқишга қабул этиш тартиби йўлга қўйилади. Бунинг учун илғор хорижий тажрибалар, масалан, Россия Федерацияси (ЕГЭ), Америка Қўшма Штатлари (SAT) ва Буюк Британия (GCSE) дастурлари мисолида умумтаълим муассасаларининг битирув давлат имтиҳонлари давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш тест синовлари билан бирлаштирилиши мумкин, деб хабар беради Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг матбуот хизмати.

ДТМ мутахассисларининг фикрича, бундай тизим давлат бюджетидан сарфланадиган катта миқдордаги харажатларнинг камайишига, бир хил фанлардан икки мартадан имтиҳон топширишнинг олди олинишига имкон беради ва олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда замонавий, қулай усул яратади

Бундан аввал янги ўқув йилидан абитуриентларнинг имтиҳонсиз ўқишга киришига имкон берадиган сертификат тизими жорий этилиши тўғрисида хабар берилганди. Бунда биринчи босқичда умумтаълим мактаблари ва профессонал коллеж уқувчилари икки йўналишда — она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тиллари) ва математика фанларидан текст топширадилар. Ушбу предметлардан яхши имтиҳон топширган ўқувчиларга бу фанлардан қайтадан синовдан ўтмаслик учун сертификат берилади. Уни мактабни битириш ва умумтаълим аттестатини олишда эмас, балки ўқув давомида ҳам қўлга киритиш мумкин.

Республика ҳозирча фақат чет тили бўйича шундай сертификатлар берилмоқда.

Ўтган йили мамлакатда ОТМга кириш тизимида сезиларли ислоҳотлар ўтказилди. Абитуриентларга бирдан учта олий ўқув юртига кириш учун битта имтиҳон топшириш имконияти берилди. Шундан сўнг кириш имтиҳонларига талабгорларнинг сони илк бор миллиондан ошиб кетди.

Тест синовлари аввалгидек бир кунда эмас, деярли бир ойга чўзилди: 25 июлдан 20 августгача. Имтиҳонлар камералар ўрнатилган, сигналларни ўтказмайдиган электрон ускуналар билан жиҳозланган биноларда ўтди. ДТМ биринчи бор текст якунларини интернет орқали эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ