Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари коронавирус тўғрисида диктант ёзмоқдалар

Ўзбекистон мактабларидан биридаги ўқувчилар. Nuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги барча мактабларда короновирус инфекцияси тўғрисида диктант ёзилишига доир топшириқ берган. Бу ҳақда ташкилотнинг мабтуот хизмати хабар беради.

Диктантлар коронавирус профилактикасига оид қатор йўриқларни ишлаб чиққан Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифи асосида ёзилмоқда. «Аҳолини коронавирус касаллигидан муҳофаза қилиш учун тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсияларни ёш авлодга содда тилда етказиш мақсадида мактабларда диктант ёзиш тадбирлари ташкил этилди»— дейилади хабарда.

Диктант матнидан вируснинг тарқалишига доир маълумотлар, ундан ҳимояланиш тавсиялари ўрин олган. 3 февралда чоп этилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларида шахсий гигиенага риоя қилиш, ҳожатхоналарни доимо тозаликда тутиш, хоналарни тез-тез шамоллатиш, унда ҳарорат режимини сақлаш, касаллик аломатлари сезилган ҳолда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш уқдирилади. Шунингдек, вазирлик ўқитувчиларга ўқувчиларни тиббий ҳимоя ниқоблари билан таъминлашни маслаҳат беради.

Ижтимоий тармоқларда мактабларда коронавирусга доир тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, у ерлар дезинфекция қилинаётганига доир маълумотлар тарқалганди. Уларнинг бирида чоп этилган суратда Андижондаги мактабда дезинфекция ишлари олиб борилаётгани акс этган.

Андижон мактабидаги дезинфекция ишлари. Facebookдаги/Tohirjon Zokirov фотосурати

Хитойдан эвакуация қилинаётган Ўзбекистон фуқаролари 4-5 февралда мамлакатга келтирилади. Улар дастлаб икки ҳафта давомида карантинда сақланади. Бу вақт мобайнида улар яқинлари билан фақат телефон орқали мулоқот қилиш имконига эга бўладилар.

Пневмония касаллигини келтириб чиқарувчи коронавирус эпидемияси ўтган йили декабрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланганди. Бугунга келиб ушбу касалликдан 420 нафар одам оламдан кўз юмган, касаллик юқтирганларнинг сони 20 695 одамни ташкил этиб, улардан 2 790 таси ўта оғир ҳолатдадир. Сўнгги кунларда Хитойда ушбу касалликдан 64 нафар одам ҳалок бўлган. 30 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ХХРдаги коронавирус эпидемиясини халқаро миқёсдаги фавқулоддаги ҳолат, деб тан олди.

Марказий Осиёда ҳозирча ушбу касалликка чалинганлар қайд этилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ