Ўзбекистон ҳукумати Конституция нормаларига зид келаётгани боис яшаш қиймати миқдорини белгилай олмайди. Бу ҳақда республика Молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро пресс-клуб йиғилишида айтиб ўтди, деб хабар беради Gazeta.uz.
Қўчқоров сўзларига кўра, у Иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев билан мазкур масалани муҳокама қилганда «айрим юридик саволлар» келиб чиқаётганини кўрган.
«Тасаввур қилинг, бизлар яшаш қиймати миқдорини ҳисоблаб чиқдик ҳам дейлик. Аниқ эсимда йўқ, у 2018 йили 700 минг сўмга ($86) яқин эди, ҳозирда бу рақам, дейлик, 800−900 минг сўм бўлсин ($84-94). Агар бу рақамни эълон қилсак, у ҳолда Конституция нормаси бузилган бўлади, зеро унда пенсия ва нафақалар миқдори яшаш қийматидан кам бўлмаслиги керак, деб ёзилган», — деди Жамшид Қўчқоров.
Конституциянинг 39-моддасида «пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас», дейилган.
Бу кўрсатгични эълон қилгандан сўнг, ҳукумат пенсия ва нафақаларни кўтариши керак, бироқ бунинг учун пул йўқ, деди вазир. «Бюджет буни кўтаролмайди. ЯИМ паст даражада, ундан кейин ташқи қарздан бошқа ҳеч вақо йўқ», — деган у.
Қўчқоров ишга яроқли 13 млн аҳолидан 8 миллиони ҳеч қандай солиқ тўламаётгани боис, ҳукумат яшаш қийматини таъминлаб беролмаслигини айтган. «Шунинг учун бизда яшаш қиймати даражасида пенсия ва нафақаларни тўлаш имконияти йўқ. Иқтисодий ўсиш, ЯИМ кўпайиши ҳисобига бюджетга тушумлар кўпаяди, бу эса нафақалар миқдорини кўпайтиришга имкон беради. Шундай компромисс бўлиши керак», — деган вазир.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат йил давомида яшаш қиймати, минимал истеъмол саватчасини ҳисоблаб чиқади, бироқ, ундаги кўрсатгичдан келиб чиқиб ойлик иш ҳақи ва нафақалар тўлаш яқин икки уч йил ичида амалга ошмайди.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қиларкан, мамлакатда 4-5 миллион одам ёки аҳолининг 12-15 фоизи қашшоқ яшаётганини таъкидлади. Президент инфляцияни ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи ва нафақаларни кўтариш, тадбиркорликни рағбатлантириш ҳисобига қашшоқликни камайтиришга доир дастур ишлаб чиқишга топшириқ берди.