Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Андижонда саккиз ойлик чақалоғини сотмоқчи бўлган аёлни қўлга олганлар. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар беради.
Йигирма ёшли она фарзанди учун $5 минг сўраган. Бош прокуратура ва Андижон вилояти Давлат хавфсизлик хизмати бошқармасининг ходимлари аёлни харидорга фарзандининг туғилганлик гувоҳнамасини топшираётган пайти қўлга олганлар. Харидор ҳам қўлга олинганми-йўқми, бу ҳақда маълумот берилмаган. Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Ўзбекистон матбуотида тез-тез оналарнинг ўз фарзандларини сотаётгани тўғрисида хабарлар берилиб боради. Кўп ҳолларда фарзанд учун сўралган нарх $1000 дан ошмайди. Чақалоқларни сотишда тиббий муассаса ходимлари ҳам қўлга олингани тўғрисидаги хабарларга дуч келиш мумкин.
Ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳолатда асосан республика Жиноят кодексининг «одам савдоси» билан боғлиқ 135-моддаси билан жиноят ишини қўзғатади. Бу моддага кўра максимал жазо — 12 йил қамоқ жазосидан иборат.