Мирзиёев 50 минг одамга автоматик тарзда фуқаролик берилишини талаб қилди

Ўзбекистон паспорти. Kun.uz сайти фотосурати

1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши керак. Бу ҳақда 24 январь куни президент Шавкат Мирзиёев парламентга Мурожаатномасида айтиб ўтди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Ҳукумат ва парламент мазкур масалани 2020 йил май ойигача кўриб чиқиши ва керакли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши керак. «Бу орқали 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолари ҳал этилади», — деган президент фуқаролик тўғрисидаги қонунни мукаммаллаштиришни назарда тутган ҳолда.

2019 йил декабрда Ўзбекистон Конституциясининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган анжуманда Шавкат Мирзиёев кейинги уч йил ичида 9692 нафар инсонга Ўзбекистон фуқаролиги берилганини қайд этганди. Мустақиллик йилларида жами 9925 та шахс фуқароликка эга бўлган. 2007 йилдан 2016 йилга қадар республика ҳукумати бирорта чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик бермаган. «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасига кўра, чет эл фуқаролигидан воз кечган, кейинги беш йил ичида мамлакатда муқим яшаган инсон фуқароликни қўлга киритиши мумкин. Агар президент бирор шахсга мамлакат учун хизмати ва эришган юқори ютуқлари учун фуқаролик беришни мақсад қилса ёки бирор шахс давлат учун қимматли мутахассис ҳисобланса, у ҳолда қонун юқоридаги талабларни четлаб ўтишга изн беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ