Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кучайтирди

Uza.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда меҳнатга мажбурлаш учун ундириладиган жарима 50-100 базавий ҳисоблаш миқдорида оширилди (БҲМ ҳозирда 223 минг сўмни ёки $23 ташкил этади). Бундай қоидабузарлик воёга етмаган шахсларга нисбатан қўлланилса, у ҳолда айбдор шахс БҲМнинг 70-100 бараварида жарима тўлайди. 22 январь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51 моддасига ўзгартиришлар, шунингдек Жиноят кодекстига меҳнатга мажбурлашга доир иккита модда киритилган.

148-1- моддага кўра, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, у ҳолда айбдор шахсга нисбатан БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима солиниши, унинг 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиши ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

148-2-моддага кўра, қоидабузар одамларни такроран маҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаган бўлса, у ҳолда БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима тўлайди ёки 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум этилади ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳозирда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун БҲМнинг 10 дан 30 бараварида жарима солинади. 2019 йил августда мазкур жарима миқдори кескин оширилди.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси айниқса пахта терими мавсумида, шунингдек, мамлакат ёки вилоятларда муҳим анжуман ва ташрифлар чоғида кескин тус олади. Бундай пайтлар асосан бюджет ташкилотлари ходимлари ҳосил териш, кўчаларни тозалаш, биноларни қуриш ёки уни бузиш ишларига сафарбар қилинади. 2018 йили ташкилот ходимларини қурилиш-таъмирлаш, қишлоқ хўжалиги ва жамоат ишларига мажбурлашга қарши қарор қабул қилинди.

Шунга қарамасдан, айрим раҳбарлар ушбу қарорга бўйсунмай келадилар. Масалан, Фарғона вилоятида хашар баҳонасида бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий равишда уйларни бузиш, дарахтларни кесиш ишларига юборилган. 2019 йил майда Тошкент вилояти Чиноз туманидаги шифохона раҳбарияти ҳамшира ва санитарларни ўтоқ қилишга, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Астрономия институти ходимлари хашарда қатнашишга мажбур қилинган. Шу йилнинг июль ойида Марғилондаги коллеж ўқитувчилари қурилиш ишларига сафарбар қилинган. Намангандаги педагоглар ўқув биноларини таъмирлаш ишларига юборилган, Тошкент вилояти электр тармоғи раҳбарияти ходимларини хўжалик ишларини бажаришга мажбурлаган. 2018 йили Самарқандда кўчаларни тозалашга юборилган ёш ўқитувчи аёлнинг машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлгани катта шов-шув келтириб чиқарганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ