Хорамлик блогер Нафосат Оллошукурова 18 январь куни Ўзбекистонни тарк этган. Унинг бундай чорани танлашига руҳий шифохонадан чиққанидан кейин ҳам унга нисбатан таъқиблар тўхтамагани сабаб бўлган.
Бу ҳақда Eltuz.com хабар беради. Хавфсизлик нуқтаи назаридан нашр Оллошукурованинг қаерда эканлигини ошкор қилмайди.
Оллошукурованинг сўзларига кўра, унинг юртни тарк этишига АҚШ элчихонаси, «Эзгулик» ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ва адвокат Умидбек Давлатовлар ёрдам берган.
Нафосат Оллошукурова Facebookда Шабнам Оллошукурова номи билан саҳифа юритиб, унда Хоразмдаги ноқонуний равишда уйларнинг бузилиши ва коррупцияни танқид қилган. 23 сенятбрь куни у маҳаллий журналист Маҳмуд Ражабов бошчилигида уюштирилган Тошкентга пиёда юришни ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри ёритган пайтида ушланган. Юриш қатнашчилари республика Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашиб, унга «Хоразм вилоятидаги юз бераётган ноқонуний ишлар тўғрисида» гапириб беришни мақсад қиладилар.
Блогер аёл «майда безорилик» ва «ноқонуний намойишга шароит яратганлик»да айбланиб 10 кунга ҳибсга олинади. Бироқ, бир неча кундан сўнг аёл Хоразм вилоят руҳий касаллар диспансерига юборилади (блогер бу қарорни бекор қилишга уринади, лекин суд унинг аризасини қабул қилмайди). Оллошукуровани халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари, «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» қўллаб-қувватлайди ва Ўзбекистон ҳукуматидан аёлни мажбурий даволашни бас қилиб, қўйиб юборишини сўрайди.
Оллошукурова руҳий касалхонада уч ой ушлаб турилади ва ўтган йил 28 декабрда озод этилади. Махсус комиссия бундай кейин аёлнинг даволанишига ҳожат йўқлиги қарорига келганди. Лекин блогернинг сўзларига кўра, озод бўлганидан кейин уни уч марта диспансерга қайтаришмоқчи бўладилар. Охирги марта Оллошукурова уйда йўқлиги пайтида уни олиб кетишга келадилар.
Нафосатнинг ота-онаси қизини кутилмаган меҳмонлардан хабардор қилади ва аёл ярим тунгача уларнинг кетиши кутиб кўчаларда дайдиб юради.